Давлат раҳбари иштирокида аҳолини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш масаласида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
«Инсон қадри деганда аҳолини уй-жой билан таъминлаш жуда муҳим. Аҳолини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш учун қўшимча пуллар берамиз, имтиёзлар яратамиз. Одамларга уй-жой қилсак биздан рози бўлади, инсон қадри шу аслида.
Ўтган куни аҳолини уй-жой ва яшаш манзилига яқин жойларда иш жойлари билан таъминлаш бўйича, «Янги Ўзбекистон массивлари»ни барпо этиш дастури лойиҳасини муҳокама қилиб олдик. Дастур лойиҳаси қайта кўриб чиқилиб, энг оғир туманлар танланди. Массивлар сони ҳам 29тагача кўпайтирилди.
Хабарингиз бор, бундан икки йил олдин ипотека тизими тубдан ислоҳ қилинди. Биринчи навбатда, аҳолига ўзлари истаган уй-жойни сотиб олиш имконияти яратилди, авваллари, аҳоли саноқли қурувчи қурган бир хил намунадаги уй-жойлардан олишга мажбур эди.
Натижада, соҳага сифат ва рақобат кириб келди, ҳудудларда замонавий архитектура ечимларига эга лойиҳалар пайдо бўлди. Шу орқали, ипотека дастурлари доирасида йилига 35 минг хонадонли уй-жойлар қурилмоқда. Бу олдинги йилларга нисбатан 2 баравар кўп, дегани.
Шундай бўлса-да, янги тизимда ҳали ўз ечимини топмаган кўплаб масалалар мавжуд. Масалан, ипотека бозорида қурилаётган уй-жойлар сони талабга нисбатан анча кам. Чунки 27 йил уй қурмаганмиз. Ҳалиям бир ҳовлида 3-4талаб оила яшаяпти. Хусусан, Хонқа туманида 5 мингта янги уй-жойга талаб бўлса-да, келгуси йилда атиги 464та (талабнинг 9 фоизи) уйлар қуриш режа қилинган.
Бундан ташқари, бугунги кунда жойлашган жойи ёки нархи аҳолига номақбул бўлгани учун, қиймати 255 миллиард сўмлик 950та қурилган хонадон сотилмасдан турибди. Сурхондарёда – 292 та, Сирдарёда – 189 та, Қорақалпоғистонда – 174 та, Фарғонада – 167 та. Ипотека учун бюджетдан ажратилган 1,1 триллион сўм субсидиялардан, 220 миллиард сўм (20 фоиз) ишлатилган, холос», дея эътироз билдирди давлат раҳбари.
Келгуси йилда ипотека дастурлари доирасида 50 мингга яқин хонадонли уй-жойлар қурилади. Бунга қарийб 13 триллион сўм мақсадли кредит ва 1,3 триллион сўм субсидия ажратилади.
«Республика бўйича 36 мингдан зиёд ижобий хулосаси бор оилаларга 900 миллиард сўмдан зиёд субсидиялар тўланмай турибди. Бунинг сабаби, аҳоли томонидан талаб юқори бўлган ўрта меъёрдаги уйлар бўйича қурувчилар бозорга етарли таклиф чиқармаяпти.
Мисол учун, Самарқанд вилоятида ҳокимият ташаббус қилиб, лойиҳачи, қурувчи ва банкнинг «бошини бирлаштириб», ҳамёнбоп уйларни қуришни ташкил этган. Бу орқали субсидиядан фойдаланиш ва кредитларни ўзлаштиришнинг энг юқори кўрсаткичи Самарқандда (кредит – 85 фоиз, субсидия – 60 фоиз).














