Фридрих Мерц 1955 йил 11 ноябрда Брилонда (Шимолий Рейн-Вестфалия, Иккинчи жаҳон урушидан кейин Британия назорати остида эди) адвокатлар Йоахим ва Паула Мерц оиласида туғилган. У оиладаги тўрт фарзанднинг энг каттаси. РБК нашри янги канцлер фаолиятига оид шу ва бошқа фактлар билан ўртоқлашди.

Мерцнинг отаси протестант насроний оиласидан; 1970-йилларда у собиқ нацистларга қарши суд жараёнларини бошқарган ва маҳаллий ўрта мактабда ҳуқуқдан дарс берган. Йоахим Мерц кейинчалик вилоят суди судьяси бўлди ва Christlich Demokratische Union Deutschlands (насроний-демократлар, CDU) партиясига қўшилди. Ҳали мактаб ўқувчиси бўлганида, 1972 йилда Фридрих отасидан ўрнак олиб, насроний-демократларнинг ёшлар ташкилотига аъзо бўлишга қарор қилди ва фаоллиги билан ажралиб турди.

Мерц 1975 йилда Рютен шаҳри гимназиясини тамомлади, кейин бир йил давомида ўзиюрар артиллерия ҳарбий қисмида хизмат қилди.

1976 йилда бўлажак сиёсатчи CDU партиясига яқин бўлган Конрад Аденауэр жамғармасидан стипендия олди ва Бонн билан Марбург университетларида ҳуқуқшунослик бўйича ўқишни бошлади.

Мерц 1985 йилда давлат имтиҳонларини муваффақиятли топшириб, Саарбрюкен туман судида бир йил судья бўлиб ишлади, кейин Германия кимё саноати уюшмасида адвокат лавозимини эгаллади ва адвокатлик фаолиятини бошлади.

Сиёсий мартаба

Мерцнинг сиёсий фаолияти 1989 йилда CDU партиясидан Европа парламентига депутат этиб сайланиши билан бошланди, у ерда 1994 йилгача Жанубий Вестфалия минтақаси бўйича вакиллик қилди. Кейин у Хохзауэрланд округида (Шимолий Рейн-Вестфалия) сайловда ғалаба қозонди ва Германия Бундестаги депутати бўлди. У ерда 1994 йилдан 2009 йилгача ишлади.

Депутат сифатида сайланганидан тўрт йил ўтиб, ўша пайтдаги CDU/CSU фракцияси раҳбари Волфганг Шойбле ўринбосари бўлди ва 2000 йилда унинг ўрнини эгаллади. Бироқ Мерц ҳеч қачон ҳукуматда ишламади, шунинг учун баъзилар уни сиёсатчи сифатида канцлер бўлиш учун етарли тажрибага эга эмас деб ҳисоблайди.

2002 йилги сайловда марказчиларнинг мағлубиятидан сўнг, Мерц фракция раҳбари лавозимини тарк этди ва унинг вориси Ангела Меркел уч йилдан сўнг Германия канцлери бўлди. Ўзининг биринчи муддатида у Мерц қонун лойиҳалари билан бошланган солиқ ислоҳотларининг ашаддий танқидчиси бўлди ва шунингдек, унинг фракция раҳбари ўринбосари лавозимидан четлатилишини ёқлади. Улар орасидаги зиддият кучайди, чунки Меркел CDU партиясини сўлга силжитишга ҳаракат қилди, Мерц эса партиянинг консерватив йўналишини ҳимоя қилди.