Якунланган ҳафтанинг дам олиш куни одатдагидек Европа футболи билан эмас, кўпроқ ўзбек футболидаги воқеалар билан ёдда қолди. Самарқандда ўтказилган Ўзбекистон кубоги финали доирасидаги «Пахтакор» ва «Насаф» тўқнашуви мамлакатимизда 2021 йилги футбол мавсумига расман якун ясаб берди. Шубҳасиз, кўҳна шаҳардаги финал ўзбек футболи тарихида ўйин жиҳатдан ҳам, ташкилий ва мухлислар эътибори билан ҳам энг зўр ўтган баҳсга айланди, десак муболаға бўлмайди. Tribuna.uz икки шаҳарда уч кун ҳақиқий байрамона муҳитга сабаб бўлган финалнинг майдон ташқарисидаги воқеаларидан репортаж тайёрлади.

Финал нега яна Самарқандда ўтказилди? 

Ўзбекистон кубоги финали тарихда учинчи марта Самарқандда ўтказилди. Ушбу мусобақа тарихидаги илк финал 1992 йилда айнан кўҳна кентда ўтказилган бўлса, 2016 йилги ҳал қилувчи баҳс ва ҳозирча сўнггиси бўлган бу йилги финал ҳам «Динамо» ўйингоҳида ўтказилди. Жорий мавсумнинг дастлабки расмий ўйини – Ўзбекистон Суперкубоги доирасидаги «Пахтакор» - «Насаф» (1:0) учрашуви ҳам кўҳна шаҳарда ўтказилгани сабабли, мавсумнинг охирги расмий ўйини бўлмиш кубок финали ҳам Самарқандга топширилгани кўпчиликка савол туғдириши табиий эди.

Фото: Tribuna.uz

Гап шундаки, финал мезбонлиги кубок гуруҳ босқичига қуръа ташлаш олдидан қуръа орқали аниқланганди. Ўшанда ОКМК, «Бунёдкор», «Пахтакор», «Локомотив», «Сурхон» ва «Динамо» клублари Ўзбекистон кубоги-2021 финалига мезбонлик қилиш бўйича ариза топширган ва қуръадан кейин финал Самарқандда ўтиши ойдинлашганди. Финалга «Пахтакор» ва «Насаф» йўл олгач, Тошкент ва қашқадарёлик мухлислар учун масофа жиҳатдан ҳам Самарқанд энг қулай нейтрал ўйингоҳ бўлиши аниқ эди.

Финалдан бир кун олдин бошланган байрам

Тан олиш лозим, мухлислар ва журналистлар томонидан жуда кўп танқидларга учрайдиган футболимиздаги икки ташкилот – ЎФА ва ПФЛ Ўзбекистон кубоги финалини юқори даражада ташкил этди. Умуман олганда, 2021 йилда ўтказилган қатор турнирларни юқори даражада ўтказган ПФЛ ва ЎФАнинг Самарқанд финалидаги ташкилий иши «торт устидаги олча» мисоли бўлди.

Фото: Tribuna.uz
Фото: Tribuna.uz

Финалдан бир кун олдин Самарқанд шаҳрида футбол байрами шукуҳи яққол сезила бошлади. Расмий тадбирлардан ташқари, Ўзбекистон кубоги соврини икки қаватли махсус автобусда Суперлигага йўлланма олган «Динамо» жамоаси мухлислари қуршовида шаҳар бўйлаб ҳаракатланиб, самарқандликлар учун финалга ўзига хос чақирув бўлди. Карнай-сурнай садолари остида «Динамо» стадиони олдида бошланган байрам шаҳарнинг юраги – Регистон майдонида давом этди.