Ўзбекистон | 17:08 / 06.12.2021
3763
3 дақиқада ўқилади

“Маҳаллий олимпиадаларда ноҳақликлар бўлгани сир эмас” — Фан олимпиадаларида шаффофлик ҳақида департамент фикри

Маҳаллий олимпиадаларда шаффофликни ошириш мақсадида инсон омили камайтирилади. Бу ҳақида Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти директори Умид Раҳмонов маълум қилди.

Фото: Fotolia

Умид Раҳмонов 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб мактаб олимпиадалари мактабларда сентябрь, туманларда октябрь, вилоятларда ноябрь ойларида ўтказилаётганини айтди.

“Республикамизда ўтказиладиган фан олимпиадаларида шаффофликни ошириш, инсон омилини камайтириш учун ҳаракат қиляпмиз. Туман ва вилоят босқичидаги олимпиадаларда республикадаги барча ўқувчилар учун бир хил тест топшириқлари берилади. Департаментимиз томонидан бу саволларнинг махфийлиги инобатга олинган.

Ўқувчилар саволларга жавоб ёзишгач, текширишдан аввал уларнинг ишлари тасвирга олиниб ҳар бир ҳудуднинг телеграм каналига жойланади. Шундан сўнг саволларнинг жавоблари ҳам каналга юборилади. Бу орқали истаган шахс тўғридан тўғри иштирокчиларнинг жавобларини билиш имкониятига эга бўлади. Шу тизим йўлга қўйилган олимпиадаларда юз бераётган ноҳақликлар ёки тушунмовчиликлар юзасидан келадиган мурожаатлар сони кескин камайди”, — дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Умид Раҳмоновнинг таъкидлашича, бу тизим бутун республика бўйлаб олимпиадада иштирок этаётган ўқувчиларнинг билим даражасини баҳолаш учун ҳам имконият яратади.

“Муаммо қаерда эди? Олимпиадаларда ҳакамлар томонидан сунъий равишда баҳоларни ошириш, ўз ўқувчисига ён босиш ҳолатлари кузатилди. Шундай вазият аниқланиб ҳакамликда иштирок этган ўқитувчи билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳолатлари ҳам учради. Янги тизим бўйича эса барча иштирокчи ўқувчилар ўз балларини таҳлил қилиш билан бирга, бошқа рақибларининг натижаларини ҳам кўра олади ва ҳеч қандай эътирозга ўрин қолмайди”, — деди департамент директори.

Маълумот учун, бу йилги маҳаллий фан олимпиадаларида 1,1 млн нафар 9-, 10-, 11-синф ўқувчилари иштирок этган ва республика босқичида уларнинг 46 нафари ғолиб бўлди.

Маҳаллий фан олимпиадаларининг вилоят ва республика босқичида ғолиб бўлган 9–11 синф ўқувчиларини рағбатлантириш учун молиявий маблағлар ажратиш йўлга қўйилди. Улар 1-ўринга базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 баравари миқдорида, 2-ўринга 4 баравари, 3-ўринга 3 баравари миқдорида рағбатлантирилади. 

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид