Сиёсий соҳада эришилган энг катта ютуқ бу – Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация имзоланиши бўлди. Қозоғистон - Ўзбекистон иттифоқчилиги нафақат бу икки давлат, балки минтақадаги барқарорлик учун ҳам жуда муҳимлиги қайд этилди.

Иттифоқчилик тўғрисидаги декларацияда айнан нималар назарда тутилгани ҳозирча маълум эмас. Расмий релизда ушбу ҳужжатда қардош халқларнинг ҳаётий муҳим ва узоқ муддатли миллий манфаатлари, кўп қиррали шериклик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсад қилингани айтилмоқда. 

Бундан ташқари, Тўқаев ва Мирзиёев стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистон Давлатлараро Олий Кенгаши, Парламентлараро ҳамкорлик кенгаши ва Ташқи ишлар вазирлари кенгашини таъсис этиш бўйича келишувга эришди.

Ўзбекистон ҳозирга қадар фақат Россия Федерацияси билан 2005 йил 14 ноябрда Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолаган эди, лекин очиқ манбалардан Қозоғистон расман иттифоқдош бўлган мамлакатлар сони борасида маълумотлар мавжуд эмас.

Шунингдек, ташриф аввалидан Қозоғистон нашрига интервью берган Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда сиёсий мулоқот ва давлатлараро яқинлашув жараёнлари учинчи давлатлар манфаатларига қарши қаратилмагани, балки очиқ ва конструктив характерга эгалигини билдирганди.

Ташрифда эришилган иқтисодий соҳадаги энг катта ютуқ – Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларгача ошириш бўйича келишувга эришилгани бўлди. Бундай натижага эришиш учун ўзаро савдо алоқалари тез фурсатда ривожланиши ва божхона сиёсати либераллаштирилиши талаб этилади. Бу ўз навбатида икки давлат тадбиркорлари учун манфаатлидир.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ташрифда жорий йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг рекорд даража – 4 миллиард долларга етиши кутилаётгани айтилди. Шунингдек, яқин беш йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш бўйича Амалий ҳаракатлар режаси имзоланди