Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Тиббиёт қурилиш инжиниринг” давлат унитар корхонаси буюртмасига биноан Тошкент шаҳрида 140 ўринли Перинатал марказ ва 160 ўринли Она ва бола маркази қурилишининг иккинчи босқичи бажарилмоқда.
Telegram'даги davletovuz каналининг эътибор қаратишича, 2021 йил учун тасдиқланган манзилли дастурга кўра, бу иккита объектнинг баҳоси 189,5 млрд сўмни ташкил қилади. Объектлар тендерсиз, ҳукумат ҳужжати билан тақдим қилинган.
Маълумот учун, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 59-моддасига кўра, товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати бир шартнома бўйича БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори)нинг 25 минг баравари – 6 млрд 750 млн сўмдан ортиқ миқдорни ташкил этганда, давлат хариди тендер ўтказиш йўли билан амалга оширилиши шарт.
Буюртмани “Eco House-Group” МЧЖ амалга ошириши кўзда тутилган. 2018 йилда очилган мазкур компания тез-тез номини ўзгартириб туради. Бундан олдин Whitecity Construction, Renaissance Company каби номларда ҳам фаолият юритиб кўрган. Компания анча машҳур. Хусусан, Сардоба сув омборидаги фожиадан кейин Оқолтин туманининг Шодлик маҳалласидаги 20 та уйни қуриш айнан Whitecity Construction'га топширилган.
Бундан олдин эса Чилонзор тумани Оқтепа мавзесидаги уйлар, Сергели туманидаги монолит уйлар, Талабалар шаҳарчасида ўқитувчилар учун мўлжалланган бинолар ҳам ушбу компания томонидан қурилган.
Компания, шунингдек, Зангиота туманида Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини барпо этишда ҳам бош пудратчи сифатида тендерсиз жалб қилинган
















