Сўнгги йилларда Ўзбекистон тараққиётининг барча жабҳаларида ижобий ўсиш кузатилмоқда. Мустақилликнинг илк кунлариданоқ мамлакатимиз аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва иқтисодиётини кўтариш масалаларига устувор аҳамият бериб келмоқда. 

Ислоҳотлар жараёнлари мамлакатнинг ёқилғи-энергетика мажмуасини ҳам четлаб ўтмади. Бу муҳим қадамлар аҳоли эҳтиёжлари ва республиканинг энергия захираларига бўлган талабларини қондириш мақсадида амалга оширилмоқда. 

ERIELL Гуруҳи Бошқаруви раиси Бахтиёр Фозилов Kun.uz журналисти билан интервьюда нефть ва газ бозоридаги фаолият қандай олиб борилаётгани тўғрисида сўзлаб берди.  

ERIELL'нинг ташкил этилиши

ERIELL гуруҳи нефть хизматлари кўрсатиш соҳасида 17 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Компания бозорга чиққан пайтда 10 нафар ходимга эга бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб компанияда 11 минг нафар ходим меҳнат қилмоқда. 

Шу давр ичида компания томонидан 45 та лойиҳа амалга оширилди, 10,5 миллион метр ер бурғилаш ишлари амалга оширилди, 3000 дан ортиқ нефть ва газ қудуқлари қурилди. 

ERIELL Ўзбекистоннинг етакчи нефть ва газ қазиб олувчи компаниялари учун мураккаб тоғ- геологик ва иқлим шароитларида эксплуатация ва қидирув (разведка) қудуқларини бурғилаш бўйича хизматлар кўрсатади. Бу «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани», Surhan Gas Chemical Operating Company, Gazli Gas Storage, Uz-Kor Gas Chemical, Natural Gas Stream, Sanoat Energetika Guruhi каби компаниялардир. Бундан ташқари, мутахассисларимиз Россиянинг «Газпром», «НОВАТЭК», «Газпром нефть», «Роснефть», «ЛУКОЙЛ», «Ачимгаз», «Газпром Интернешнл», Petronas каби компанияларининг лойиҳаларида ҳам фаолият юритадилар. Шунингдек, компаниямиз Ироқ ва Бангладеш давлатларида ҳам самарали меҳнат қилиб келмоқда. 

Углеводородлар қазиб олиш шароитлари ERIELL'нинг ишига қандай таъсир кўрсатади? 

Ҳаммамизга яхши маълумки, осонгина газ ва нефть қазиб олиш даври аллақачон ўтиб кетган. Бугунги кунда аксарият мамлакатлар учун муқобил манбаларни излаб топиш масаласи долзарб бўлиб турибди. Ўзбекистон ҳам ана шу давлатлар қаторидан жой олган. Аммо, яқин орада углеводородларнинг ўрнини бутунлай алмаштириш имкони мавжуд эмас. Улардан нафақат энергия, балки ҳаёт учун зарур бўлган кўплаб бошқа маҳсулотларни ҳам ишлаб чиқариш учун фойдаланилади. Шунинг учун барқарор равишда нефть ва газ қазиб олиш масаласи долзарблигича қолмоқда.  

Конлар кўпинча ўтиш қийин бўлган геологик тузилмалар ва географик нуқталарда учрайди. ERIELL мутахассислари ана шундай оғир шароитларда ишлаш бўйича юқори малака ва иш тажрибасига эга эканлигини мамнуният билан қайд этишни истардим. Бунда бурғилаш ускуналари паркини мунтазам янгилаб бориш ва модернизация қилиш, шунингдек, жараёнларни мақбуллаштириш устида доимий ишлаш, янги технологияларни жорий этиш ва ташкилий жиҳатдан ривожланиш муҳим омиллардан бири ҳисобланади.