11:49 / 16.12.2021
11134

Инвесторга берилган Ғафур Ғулом боғи масаласи қайта кўриб чиқилади — Жаҳонгир Ортиқхўжаев

“1 йилдан ошдики, тадбиркоримиз ҳалигача ўзига қўйилган вазифаларни бажармади”, деди пойтахт ҳокими. Эслатиб ўтамиз, Ғафур Ғулом боғи қўштирноқ ичидаги “хорижлик” инвесторга боғни таъмирлаш шарти билан 49 йилга ижарага берилган.

Фото: Kun.uz

Сенат раиси Танзила Норбоева палатанинг 16 декабр кунги ялпи мажлисида ҳисоб берган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни Ғафур Ғулом боғи хусусида саволга тутди.

Одамлар ҳозир биздан сўраяпти: Ғафур Ғулом боғидаги ободонлаштириш ишлари қай аҳволда, у ерда нима бўляпти?” – деди Норбоева.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев боғ инвесторга берилгани, лекин у ўзига қўйилган вазифаларни бажармаётганини билдирди.

Ғафур Ғулом боғи инвесторга берилган. Бизга тақдим этган лойиҳаси бўйича 2 йил давомида ҳеч қандай дарахтга тегмасдан, пляж зоналарини асл ҳолича қолдириш, уни реконструкция қилиш ва қўшимча янги аттракционларни қўйиши кўрсатилган. Лекин ҳозир тадбиркоримиз 1 йилдан ошдики, ҳалигача ўзига қўйилган вазифаларини бажармади. Буни қайта кўриб чиқамиз”, – деди Тошкент шаҳар ҳокими.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Аввалроқ, шаҳар ҳокимлиги Ғафур Ғулом боғини модернизация қилиш учун 49 йилга Сингапур компаниясига берилганини маълум қилганди.

Шу билан бирга, аҳолида боғ ҳудудида турар жой қурилиши ва ундаги дарахтлар кесиб ташланиши бўйича хавотирлар пайдо бўлганди. Шаҳар ҳокимлиги ва боғ маъмурияти бу хавотирлар асоссизлигини билдирганди.

Кейинроқ, боғ маъмурияти ҳам реконструкция жараёнида барча дарахтларни сақлаб қолишга ваъда берганди.

Эслатиб ўтамиз, Ғафур Ғулом боғи Сингапурда рўйхатга олинган “BMP Smart Decision Private Limited” компаниясига замонавий кўнгилочар маскан барпо этиш учун ижара ҳуқуқи асосида 49 йил муддатга берилган.

Жамоатчилик бу ҳақда орадан қарийб 1 йил ўтгандан кейин хабар топган, ўшанда юқоридаги компания таъсисчиси Шерзод Ҳалимов исмли Ўзбекистон фуқароси экани, компаниянинг устав капитали бор-йўғи 700 доллар экани маълум бўлганди.

Top