Тунги рейд давомида Malibu русумли машина тўхтатилади. Бироқ ҳайдовчи аёл машина эшигини очмайди ва инспекторнинг саволларига жавоб бермайди. Видеотасвирларда унинг телефонда ким биландир гаплашаётгани кўрсатилади. Кейинчалик ЙПХ ходимининг талабларини бажармаган, ҳужжатларини кўрсатиш тугул ҳатто гапини ҳам эшитмаган аёл ҳодиса жойига кимларнидир чақиргани маълум бўлади.

Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг маълум қилишича, аёлнинг чақириғига биноан етиб келган икки нафар шахс махсус рейдга жалб қилинган ходимларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб, уларга таҳдид қила бошлайди. Жумладан, улардан бири рейд жараёнини тасвирга тушираётган ходимга ҳам ташланиб, унинг фаолиятига қаршилик кўрсатишга уринади.
“Ёп камерангни. Ёп деяпман. Менга қара, камерангни синдириб ташлайман-да, қўлингга минг доллар пул бераман. Янгисини сотволасан. Тасвирга олма, ходимни тасвирга олма деяпман санга”, дея дағдаға қилади у операторга. Кадрларда уни махсус хизмат ходимлари тўхтатиб қолганини кўриш мумкин.

Қайд этилишича, ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида таништирган ушбу шахс воқеа жойига ёрдамчи кучлар етиб келганидан сўнг аслида ҳеч қандай орган ходими эмаслиги маълум бўлган. ЙПХ инспектори билан мулоқот қилишни истамай мана шу машмашаларга сабабчи бўлган ҳайдовчи аёлга тегишли тартибда чора кўрилиб, унинг бошқарувида бўлган Malibu автомобили жарима майдонига жойлаштирилади.
Йўл ҳаракати қоидаларига кўра махсус ўриндиқ билан жиҳозланмаган транспорт воситасида 12 ёшга тўлмаган болаларни машина салонининг олд қисмида олиб юриш ман этилади. Тунги рейд тадбирида Jentra русумли автомобил ҳайдовчиси ушбу қоидага амал қилмай, олд ўриндиқда ёш болани олиб кетаётгани аниқланади. Бироқ инспекторнинг ушбу қоидани эслатиши ҳайдовчига ёқмайди ва у ходимларга қўпол муносабатда бўлади.

“Хоҳласам 10 марта кўрсатасан, хўп дегин”, дейди у ҳайдовчининг талабига кўра хизмат гувоҳномасини 2-марта кўрсатаётганини айтган ЙПХ инспекторига.







