Фарғона вилояти ҳокими 5 кг дан ортиқ вазн ташлаган ҳар бир одамга йўқотган ҳар бир килограмми учун 500 минг сўм ваъда қилди. Андижон вилояти ҳокими эса пиёда юришга тарғиб қилишда намуна бўлган маҳалла раислари ва профилактика инспекторларини Дубайга саёҳатга жўнатишини айтди.
Ҳокимларнинг сессияларда янграган бу баёнотлари ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ҳарвард университети докторанти, иқтисодчи Ботир Қобилов ҳам ҳолатга муносабат билдириб, ҳокимлар солиқ тўловчиларнинг пулларини ишлатаётганига эътибор қаратди.
“Аслида давлатнинг пули деган тушунча йўқлигини қайта-қайта айтиш керак. Солиқ тўловчиларнинг пули деган тушунча бор. Шунинг учун бу давлатнинг пулига келган, давлат тўлаб қўйган, давлатнинг ҳисобига қилинган, деган гапларга тузатиш киритиб, пуллар солиқ тўловчиларники эканлигини эслаб кетиш зарар қилмайди. Шу билан бирга, мамлакатдаги ҳеч нарса бепул эмас ва текинга келмаган.
Хуллас, пулни сарфлашнинг 4 йўли бор:
- Ўзингизнинг пулингизни ўзингиз учун сарфлайсиз. Масалан, ўқишга тўлайсиз, кийим оласиз.
- Ўзингизнинг пулингизни бошқалар учун сарфлайсиз. Масалан, дўстингизга совға оласиз.
- Бошқаларнинг пулини ўзингизга сарфлайсиз. Масалан, корхона корпоратив карточкасига овқатланасиз (яхшилаб).
- Бошқаларнинг пулини бошқаларга сарфлайсиз.
Биринчи ва иккинчи ҳолатларда сиз пулни тежашга ҳаракат қиласиз. Лекин, ўз пулингизни ўзингизга сарфласангиз қиймат/қайтимни кўпайтиришга ҳаракат қиласиз. Бироқ, бошқаларга сарфласангиз қиймат ҳақида нисбатан камроқ қайғурасиз.
Учинчи ва тўртинчи ҳолатларда эса сиз аксинча, пулни тежашга ҳаракат қилмайсиз. Учинчисида сизда ўзингизга қийматни максимал даражада кўпайтиришга мойиллик бор. Бироқ, тўртинчисида, яъни бировнинг пулини бировга сарфлашда сизда пулни тежашга ҳам, қийматни оширишга ҳам рағбат йўқ.















