Жорий йилда 18 миллион АҚШ доллари миқдорида тайёр маҳсулот экспорт қилишга эришган, Қўрғонтепа ва қўшни туманларда яшовчи 5500 нафар ёшни иш билан таъминлаётган “Khantex Group” кластери вилоятдаги йирик корхоналардан биридир.

Куннинг биринчи ярмида 2018 йили ташкил этилган “Khantex Group” пахта-тўқимачилик корхонасида бўлдик.

“Khantex Group” МЧЖда пахта хомашёсини етиштиришдан тортиб, тўлиқ қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади. Лойиҳа доирасида 52 млн евро миқдорида инвестиция маблағлари киритилган.

Корхонада йилига 10,4 минг тонна пахта толаси тўлиқ қайта ишланиб, 9,4 минг тонна ип-калава, 2,1 минг тонна трикотаж мато, 5 млн погонометр арқоқли газламалар, 1 млн погонометр махралик мато, 1,2 минг тонна бўялган трикотаж мато, 1,1 минг тонна арқоқли ва махралик мато, 4,5 млн дона тайёр тикув трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Корхонада 2000 дан зиёд маҳаллий ёшлар иш билан таъминланган. Корхона тўлиқ ишга тушгач, йилига 40 млн АҚШ долларидан зиёд маҳсулотлар экспортга йўналтирилади.

“Khantex Group” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластери таркибидаги фабрика 14 гектар майдонда жойлашган. Ишлаб чиқариш дастгоҳлари Швейцариянинг “Rieter” (йигирув), Белгиянинг “Picanol” (тўқув), Германиянинг “Erbatech” (бўёқ-пардозлаш) ва “Textima” (тикув в.б.) компанияларидан сотиб олинган бўлиб, ҳозирда тўлиқ қувват билан ишламоқда.

Лойиҳа негизида Марказий Осиёда ягона бўёқхона ташкил этилган ва ишлаб чиқаришда хом мато ва газламалар тўхтовсиз равишда бўялади. Бу эса турдош корхоналарга нисбатан сувни 50 фоизга, газни 25 фоизга, электр энергиясини 10 фоизгача тежаш имконини беради.

Маълум қилинишича, “Khantex Group” кластери томонидан 2020 йилда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 349,3 млрд сўмни ташкил этди, шундан 5,6 млн долларли маҳсулотлар экспорти амалга оширилди. Жамият 2021 йилда Туркия, Италия, Беларусь ва МДҲ давлатлари, жами 12 давлатга 18,5 млн долларга тенг калава ип ва тайёр трикотаж маҳсулотларини экспорт қилди. 2022 йилда 25-30 миллион долларли маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилмоқда.