Ўзбекистон | 15:11 / 03.01.2022
6226
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда машина уриб юборган йўл таъмирлаш корхонаси ишчиси вафот этди

Қашқадарё вилояти Нишон туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида йўл таъмирлашда ишлаб турган ишчи вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 27 декабр куни соат 19:00ларда Нишон-Талимаржон автомобил йўлининг 25-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Нишон тумани “Ширинобод” МФЙда яшовчи П.Т. ўзининг бошқарувида бўлган Nexia машинаси билан Нишон-Талимаржон автомобил йўлининг 25-километрида таъмирлаш ишлари олиб бораётган С.И. ни уриб юборган.

Оқибатда Нишон тумани йўлларидан фойдаланиш унитар корхонаси йўл бўлими ишчиси С.И. оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Нишон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 январ куни Деҳқонобод туманида ҳайдовчи машинани ёмғирли ҳавода эҳтиётсизлик билан бошқариши оқибатида 5 киши ҳалок бўлган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид