«Қозоғистон Республикаси Конституциясининг 70-моддасига мувофиқ қарор қиламан: Қозоғистон Республикаси ҳукумати истеъфоси қабул қилинсин», дейилади фармонда.
Бош вазир вазифаларини бажариш вақтинча истеъфога чиққан ҳукуматда бош вазир биринчи ўринбосари бўлган Алихан Смаиловга юклатилган.
Қозоғистонда янги давлат котиби ҳам тайинланган. Бу лавозимда президентнинг собиқ ёрдамчиси Ерлан Карин иш бошлади, у Кримбек Кушербаевни алмаштирди. Президент администрацияси раҳбари ўринбосари Мурат Нуртлеу эса Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлган.
Чоршанба тонгидаги йиғилишдан кейин президент Тўқаев мамлакатда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар, жумладан бензин ва дизель нархларини давлат томонидан тартибга солиш бўйича топшириқлар берди. Шунингдек, бош прокуратура ҳамда антимонопол қўмитага эҳтимолий нарх келишуви бўйича ҳолатни текшириш топшириқ қилинди.
Бундан ташқари, у 180 кун муддатга аҳоли учун коммунал хизматлар тарифларини оширишга мораторий жорий этишга буйруқ берган.
Президентнинг реакцияси
Сешанба куни Қозоғистон президенти мамлакатнинг йирик шаҳри Олмаота ҳамда Манғистау областида фавқулодда ҳолат эълон қилганди, бу ҳудудларда ёнилғи нархи ошишига қарши норозилик акциялари давом этмоқда.

Фавқулодда ҳолат режими 19 январга қадар амал қилади. Президент фармони кечки соат 23:00дан эрталабки соат 7:00га қадар комендантлик соатини жорий этишни, шунингдек, оммавий тадбирларни тақиқлаш ва одамлар ҳамда транспорт ҳаракатини чеклашни ҳам назарда тутади.
Аввалроқ Тўқаев видеомурожаат қилиб, намойишчиларни ақл билан иш кўришга, ички ва ташқи иғволарга берилмасликка, қонунга қарши ҳаракатлар содир этмасликка чақирганди.
Президент матбуот котиби Берик Вали томонидан фейсбукка жойланган мурожаатда Тўқаев «ҳукумат намойишлардан қуламаслиги, Қозоғистонга можаро эмас, ўзаро ишонч ва мулоқот кераклиги»ни таъкидлади.
«Азиз ватандошлар, яна бир бор сиздан ақл билан иш кўришни, ички ва ташқи иғволарга берилмасликни, митингчилар ва ўзбошимчаликлар эйфориясига учмасликни сўраб, мурожаат қиляпман.
Давлат муассасалари ва ҳарбий объектларга ҳужум қилишга чақириқлар мутлақо ноқонуний ҳисобланади. Бу жазога тортишга олиб келиши мумкин бўлган жиноятдир», деган у.





















