Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида Оқдарёда бўлиб, тадбиркорлар билан суҳбатлашди.
Оқдарё туманидаги кичик саноат зонасига 27 декабр, душанба куни соат 12:40 ларда етиб бордик. Маълум бўлишича, шу куннинг ўзида биз боргунимизга қадар саноат зонада икки марта электр энергиясида узилиш кузатилган. Тадбиркорлар бу одатий ҳолат эканини яшириб ўтиришмади.

“Амонов мебел текстил” оилавий корхонаси болалар учун ҳар хил турдаги текстил маҳсулотлари, пластмас ва юмшоқ ўйинчоқлар, болалар мебеллари ишлаб чиқаради. Корхона иш бошқарувчиси Дагар Шукуров биз билан мулоқотда ярим кун давомида ками етти марта туман ва вилоят электр тармоқларидаги масъулларга телефон қилганини билдирди. Аммо эътибор ҳам, натижа ҳам йўқ.

Шукуров корхона фаолияти билан таништирар экан, саноат ҳудудида ўзига яраша қулайликлар бўлиши, тадбиркорлар қўллаб-қувватланишидан умид қилишганини билдирди. Корхона раҳбари – ёш тадбиркор, шу сабаб ўтган йили ёз ойларида Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳам мазкур корхона фаолияти билан таништирилган. “Қизиғи, агентлик раҳбари келган вақтда ҳам электр ўчганди”, дейди у. Аммо Саъдуллаевнинг қўнғироқлари ҳам, корхона фаолияти билан танишуви ҳам ҳеч қандай наф келтирмаган.
Мазкур корхонада элликка яқин йигит-қизлар иш билан таъминланган бўлиб, электр энергияси ўчган вақтда уларнинг аксарияти ишсиз қолади. Ходимлар иш ҳажми эмас, иш вақти билан маош олади, табиийки, чироқ ўчиши – иш берувчининг чўнтагига зарар. Яъни иш унумдорлиги пасаяди ва йўқотилган вақт учун ҳам маблағ сарфланади. Камига огоҳлантиришсиз “лип-лип”лар техникаларнинг тез-тез бузилишига сабаб бўляпти.

“Hakim Bobo Grand” МЧЖ эшик-ром ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Мазкур корхонада ҳам элликка яқин оқдарёлик йигит-қизлар ишлаяпти. Жамият раҳбари Баҳодир Каримовнинг айтишича, ўртача кунига 2-3 соат электр ўчади. Иш куни саккиз соатдан иборат. Бу дегани элликка яқин ходимлар кунлик 25 фоиз ишини бажара олмайди.
Каримов ҳам олинган буюртмалар кечикиб кетаётгани, техникалар тез-тез ишдан чиқаётганини маълум қилди. Умуман, аҳоли қанча вақт “свет”сиз бўлса, ушбу саноат зона ҳам худди шундай, асосий фаолияти электр билан бўлган тадбиркорларнинг иши тўхтаяпти.

























