07:28 / 13.01.2022
4374

10 кунда тез ёрдамга қарийб 350 мингта чақириқ келиб тушди - ССВ

Январь ойининг дастлабки ўн кунида “Тез ёрдам”га қарийб 350 мингта чақириқ келиб тушди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, сўнгги кунларда бутун дунёда бўлгани каби республикада ҳам коронавирус билан боғлиқ эпидемик вазият салбий томонга ўзгара бошлади. Охирги 4-5 кунда мамлакатда касалланиш ҳолатлари сони кескин ортган, кунлик кўрсаткичлар 600 тадан ошган. 

2022 йилнинг 1-10 январь кунлари Республика тез тиббий ёрдам хизматига жами 349 минг 436 та чақириқ келиб тушди. Шундан тана ҳароратининг кўтарилиши бўйича 32 минг 400 та, коронавирусга гумон қилинган, касалликка чалинган ва бошқа юқумли касалликлар билан 1338 та мурожаат қайд этилди. 2021 йил декабрь ойи дастлабки ўн кунлигида "Тез ёрдам"га мурожаатлар сони 320 минг 980 тани ташкил қилган эди.

Шунингдек, январь ойининг илк кунлари “103” хизматига бир кунда ўртача 34 минг 600 та чақириқ қабул қилинган бўлса, 9-10 январь кунлари мурожаатлар сони бироз ортиб, қарийб 37 мингтага етди.

— Дунёда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳолат жуда тез ўзгармоқда, — дейди Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр Бўрибоев. — Айниқса, омикрон штамми сабабли вазият анча мураккаб. Бунинг устига юртимизда ҳам ушбу хавфли мутацияга чалинган илк бемор қайд этилгани, ҳар биримиздан карантин қоидаларига янада эътиборли бўлишни тақозо этади.

Жорий йилнинг 1-10 январь кунлари Тошкент шаҳар “Тез ёрдам”га жами 36 минг 925 та чақириқ келиб тушди. Шундан тана ҳароратининг кўтарилиши бўйича 8636 та, коронавирусга гумон қилинган, касалликка чалинган ва бошқа юқумли касалликлар билан 663 нафар бемор мурожаат қилди. Шунингдек, жами 5751 нафар бемор госпитализация қилинди.

Ўтган 2021 йилнинг айни шу даврида Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясига келиб тушган умумий чақириқлар сони 20 минг 869 та, госпитализация қилинган беморлар эса 3385 тани ташкил қилган эди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top