Ўзбекистон | 10:27 / 18.01.2022
23128
6 дақиқада ўқилади

«Андижонча дарахткушлик» ортида ким турибди? – вилоят перинатал марказидаги дарахтлар кесилиши ҳақида

15 январь куни кечаси Андижон вилоят перинатал маркази ҳудудидаги 12 туп дарахт кесиб ташланди. Вилоят перинатал маркази ходимларидан бири Kun.uz мухбири билан суҳбатда дарахтлар Шуҳрат Абдураҳмоновнинг топшириғи билан кесилганини айтган бўлса, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати буни инкор қилмоқда.

Экология қўмитаси эълон қилган баёнотда перинатал марказ ҳудудидаги дарахтларни кесишга рухсат сўраб мурожаат қилингани, лекин қонунчиликда белгиланган тартибда экология органи хулосаси ва рухсатнома олмай туриб бу иш амалга оширилгани таъкидланади.

Маълум бўлишича, кесиб ташланган 12 туп дарахт «элдор қарағайи» бўлиб, у ҳукумат қарори билан тасдиқланган «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг рўйхати»га киритилган. Ўрганишлар давомида кесилган энг кичик қарағайнинг диаметри 12 сантиметрни, энг каттасиники эса 40 сантиметрни ташкил этиши аниқланган. Яъни улар қуриб қолмаган, гуркираб ўсиб турган.

Қимматбаҳо қарағайларни кесиш натижасида ўсимлик дунёсига 100 миллион сўмдан ошиқроқ зарар етказилган, мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

Қўмита масъулининг тушунтиришича, мораторий даврида ҳукумат қарори билан тасдиқланган рўйхатга киритилган дарахтлар қурилиш бўлаётган ҳудудда жойлашганми ёки бошқа бирор сабаб билан уни кесишга зарурат туғилганми, бундан қатъи назар, уларни кесишга ҳеч қанақасига рухсат берилмайди, аксинча тақиқланади. Агар қурилиш қилишга халал беряпти дея дарахтлар кесиб юбораверилса, мораторийнинг мораторийлиги қаерда қолади, демоқда мутасаддилар.

Шу ўринда дарахтлар қирғини тунги вақтда, яъни гувоҳлар бўлмаган пайтда амалга оширилгани ҳам кўплаб саволларни туғдирмоқда. Афтидан, бу ишга бош-қош бўлганлар қилмишларининг ноқонунийлигини аввалбошдан яхши билишган. Шунинг учун ҳам дарахтларни кесишни тунги соат 10-11ларда бошлашган. Катта эҳтимол билан улар бу жараённи ҳеч ким кўриб қолмаслигига умид қилишган.

Қонунсизлик шу даражага етганки, дарахтларни кесишга жалб этилган Андижон шаҳар ободонлаштириш бўлимининг юк машинасидан давлат рақам белгилари ечиб олинган.

Афтидан, «дарахт қотиллари»нинг режаси фақат 12 туп дарахтни йўқ қилиш бўлмаган. Kun.uz мухбири жамоатчиликдан келиб тушган хабардан сўнг воқеа жойига етиб борганида, дарахтларни қийратишга бош-қош бўлган Акбар исмли шахс воқеа жойидан кетиб қолган, шаҳар ободонлаштириш бўлими ходимлари эса мухбир жараённи тасвирга олаётганига қарамай бамайлихотир ишларини давом эттираверган.

Хўш, дарахтларни кесишни тақиқловчи мораторий муддатсиз даврга узайтирилган, бунга амал қилмаганларга отнинг калласидай жарималар белгиланган, етказилган зарар 2 баробар қилиб ундирилиши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган бир пайтда ким бунга қарши боришга журъат қилди экан?

Экология қўмитаси Андижонда дарахтларнинг ноқонуний кесилиш ҳолатини атрофлича ўрганиш мақсадида 16 январь куни қўмита ишчи гуруҳи воқеа жойига етиб боргани, ҳолатга гувоҳ бўлган шахслар ва бевосита ҳуқуқбузарликка алоқадор масъул ходимлардан тушунтириш хатлари олинганини маълум қилган бўлса-да, ҳуқуқбузарликка алоқадор масъул ходимларнинг шахсини очиқламаган.

Вилоят перинатал маркази ходимларидан бири Kun.uz мухбири билан суҳбатда 15 январь куни Андижон ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ёрдамчилари ва бошқа мансабдорлар билан бирга ушбу марказга келиб, қурилиш ишлари бориши билан танишгани, ундан сўнг дарахтларни кесишни буюрганини айтмоқда.

Вилоят ҳокими матбуот хизмати эса дарахтларни кесиб ташлаш тўғрисидаги буйруқни ҳеч ким бермаганини таъкидламоқда. Шу билан бирга, матбуот хизмати масъуллари сайт мухбирининг Шуҳрат Абдураҳмонов нима мақсадда 15 январь куни вилоят перинатал марказига боргани, у ерда қандай масалалар муҳокама қилингани, агар қарағайларни кесиш ҳақидаги топшириқ вилоят ҳокими томонидан берилмаган бўлса, перинатал марказ ходими нима учун бундай маълумот бергани ҳақидаги саволларини жавобсиз қолдирган.

Шу ўринда, нима қилиб бўлмасин вилоят ҳокимига гард юқтирмаслик, нима бўлгани кўриниб турган бўлса-да, бўлган ишни бўлмаган деб айтишнинг ҳадисини олган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати дарахтлар воқеасида хол қўйиб қўйганини ҳам айтиб ўтиш керак. Қарағайлар кесилгани ҳақида хабар тарқалганидан сўнг ҳолатга муносабат билдирган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати уялмай-нетмай кесилган дарахтлар «ўз жойида тургани» ҳақида баёнот берди. Бу ёлғон фош бўлганидан сўнг эса расмий муносабат ими-жимида таҳрирланди ва «дарахтлар ўз жойида тургани» ҳақидаги жумла матндан олиб ташланди.

Ҳақиқат қачондир юзага чиқар, балки чиндан ҳам дарахтларни кесишга Шуҳрат Абдураҳмонов буйруқ бермагандир. Тез орада ойдинлик киритилиши кутилмоқда – воқеага аллақачон Бош прокуратура ҳам аралашди.

Вилоят перинатал марказида содир бўлган ҳолатни ўрганиш мақсадида Бош прокуратура томонидан ишчи гуруҳи тузилган, ўрганиш натижалари жамоатчиликка ошкор этилиши маълум қилинган. Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов Kun.uz мухбири билан суҳбатда ишчи гуруҳ вилоят ҳокимининг дарахтларни кесишга алоқаси бор-йўқлигини ҳам албатта ўрганишини таъкидлаган.

Интернетда муҳокамаларга сабаб бўлган, блогерлар томонидан ҳам кенг ёритилган (1, 2, 3, 4, 5) «Андижондаги дарахткушлик» ортидан Экоқўмита вилоят перинатал маркази атрофидаги 145 туп дарахтни рақамлаб чиқиб, алоҳида муҳофазага олган. Қўмитанинг бу ҳаракати олқишга сазовор. Фақат бундай ишлар қайсидир ҳудудда дарахтлар кесилганидан кейин эмас, балки ундан олдинроқ қилинса, республикадаги барча дарахтлар рақамланиб, маълумотлар базаси шакллантирилса, уларни рухсатсиз кесганлик учун жарималар миқдори каррасига оширилса, ўйлаймизки, Андижондаги каби воқеалар такрорланишининг олди олинарди.

Жамшид Ниёзов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Нидо

Мавзуга оид