Туризмни ривожлантириш ассоциацияси раиси Дилшод Одилов Kun.uz билан суҳбатда туризм соҳасини қўшилган қиймат солиғига тортиш борасида таклифларини билдирди.

“Қўшилган қиймат солиғи эгри солиқ бўлиб, амалда харидор (истеъмолчи) томонидан тўланади. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 258-моддасига асосан барча турдаги товарлар ва хизматлар учун (айрим имтиёзларни ҳисобга олмаганда) қўшилган қиймат солиғининг (кейинги ўринларда ҚҚС) ставкаси 15 фоиз қилиб белгиланган бўлиб, табақалаштирилган солиқ ставкаси мавжуд эмас. Лекин жаҳон тажрибасига қарайдиган бўлсак, дунёнинг деярли барча мамлакатларида ижтимоий аҳамиятга эга товарлар ва хизматлар, жумладан туризм хизматлари учун ҚҚСнинг табақалаштирилган ставкаси қўлланилишини қуйидаги жадвалда кўришимиз мумкин”, – дейди у.

 

Дилшод Одилов туризм соҳаси энг тараққий этган ва бу борада ортда қолаётган давлатлар тажрибаси ҳақида гапирди.

“Жадвалдан ҳам кўриниб турибдики, соҳа етакчилари бўлган Испания, Франция, Греция, Италия ва Туркияда ҚҚСнинг табақалаштирилган ставкаси қўлланилмоқда. Туризм ривожланмаган ва иқтисодиётнинг етакчи тармоғига айланмаган мамлакатлардагина ҚҚС ставкаси юқорилигини кўриш мумкин”, – дейди у.

Дилшод Одилов аввалроқ Ўзбекистонда меҳмонхоналар қимматлигининг сабаби соҳага солиқ юкининг ошиб кетгани ва ҚҚС табақалаштирилмагани эканини таъкидлаганди.

Шундан сўнг молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов истеъмолчиларни қўллаб-қувватлаш учун табақалаштирилган ҚҚС ставкаларидан фойдаланиш самарасиз чора эканини билдирган.

“Солиқдан тежаш камдан кам ҳолларда харидорларга ўтади, одатда у чакана савдогарларда қолади. Ҳаттоки, наф истеъмолчиларга ўтган тақдирда ҳам, пасайтирилган ставкалар энг бой уй хўжаликларига кўпроқ фойда келтиради”, – деганди вазир ўринбосари.

Дилшод Одилов молия вазири ўринбосарининг сўзларини келтирар экан, пасайтирилган ставкалар соҳа учун фойдали бўлади, деб ҳисобламоқда.