Кўп қаватли уйда яшовчи аҳоли вакилларининг Kun.uz’га маълум қилишича, айни дамда дарахтларнинг остига ўзини «шу жойнинг эгаси, бизнесмен, ерни сотиб олган одам» сифатида таништираётган бир гуруҳ нотаниш шахслар томонидан цемент қуйилган. «Бизнесмен» аҳоли вакиллари сўровига жавобан ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмаган.
Дарахтларга қилинган навбатдаги суиқасддан сўнг, аҳоли воқеа жойига тўпланиб, ўз норозилигини билдирган.



Экоқўмита вакиллари ҳам ҳудудга йўл олишган.
Шаҳар экология бошқармаси расмийларининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳозирда экопатрул вакиллари воқеа жойига етиб борган, цемент қуйган шахслар ички ишлар ходимлари томонидан ИИБга олиб кетилган, туман ободонлаштириш бошқармаси ходимлари эса дарахтлар остини цементдан тозалашга киришган.
Маълумот учун, 2021 йил 14 декабр куни тунда ушбу ҳудуддаги 10 туп дарахт номаълум шахслар томонидан арралаб кетилиши натижасида ўсимлик дунёсига 83 миллион сўм зарар етказилиб, ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилганди.
2022 йил 10 январга ўтар кечаси номаълум шахслар ушбу ҳудудда яна 4 туп элдор қарағайини кесиб ташлаганди.
Маълумот учун, дарахтлар жойлашган ушбу ҳудудни 2020 йилда тадбиркор Жалолиддин Газибоев аукцион орқали қўлга киритган, Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан ер унга бириктириб берилган














