Ўзбекистон | 16:47 / 16.02.2022
2059
2 дақиқада ўқилади

Когонда МЧЖ раҳбари ва собиқ банк ходими гаровда турган мулкларни сотиб юборди

Когон туманида МЧЖ раҳбари ва собиқ банк ходими ўзаро тил бириктириб, кредит эвазига гаровга қўйилган 789,4 млн сўмлик мулкни сотиб юборганлиги аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, АТБ “Микрокредитбанк” Когон банк хизматлари марказининг мурожаатига асосан департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув жараёнида марказнинг собиқ мутахассиси М.К. яқин қариндоши М. билан ўзаро тил бириктириб, МЧЖга берилган кредит эвазига гаровга қўйилган 789,4 млн сўмлик мулкларни сохта ҳужжатлар тайёрлаш орқали тақиқдан ечишга эришиб, сотиб юборганлиги аниқланган. Банк ходимлари МЧЖга ажратилган кредит маблағини қайтариш чораларини кўрмаган. 

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 233-моддаси (банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид