“Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
2022 йил 1 июндан Россия, Туркия ҳамда Қозоғистоннинг тегишли ҳудудларида (12 та) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вакиллик институти жорий қилинади. Мазкур ҳудудларнинг ҳар бирига камида 2 нафар вакил бириктирилади.
2022 йил 1 майдан ҳар йили ҳоким ёрдамчилари ёзма тавсияномасига асосан:
боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган оилаларга БҲМнинг 2 баравари (540 минг сўм) миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади;
меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” (дафтарлар)дан бирига киритилган, ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун БҲМнинг 5 баравари (1 млн 350 минг сўм) миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади;
меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистонда улар билан бирга яшовчи пенсия ёшига етган ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига бир марталик бепул йўлланма берилади.
Маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг ёзма тавсияномасига асосан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки “дафтарлар”дан бирига киритилган ҳамда меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг болаларига мавсумий фаолият юритадиган оромгоҳларга бепул йўлланмалар берилади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг маблағлари ҳисобидан меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг оила аъзоларига ёрдам пуллари ва йўлланмалар беришда:
ёрдам пуллари ва йўлланмалар башарти меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқаролар “Labor migration” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган бўлса берилади;
талабгорлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига “Labor migration” дастурий мажмуаси орқали электрон мурожаат қилади.
Хорижда вақтинчалик ишлаётган ва таълим олаётган ўзбекистонлик ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Хориждаги ёшлар баланси” шакллантирилиб, улар тўғрисидаги маълумотлар “Ёшлар портали” электрон платформасига киритиб борилади.










