Ўзбекистон | 11:15 / 11.03.2022
13189
2 дақиқада ўқилади

Риштонлик аёлнинг икки нафар фарзанди билан бедарак йўқолгани ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Фарғона вилояти Риштон туманида оилавий келишмовчилик сабаб икки қизи билан уйдан чиқиб кетган онанинг қизларидан бирининг жонсиз танаси Катта Фарғона каналидан топилган. Бедарак йўқолган фуқаролар қотиллик қурбони бўлиши мумкинлиги инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 97-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: ФВБ матбуот хизмати

Қайд этилишича, 21 февраль куни Риштон тумани “Зоҳидон” МФЙ Қўрғонча кўчасида истиқомат қилувчи Н.Г. исмли аёл вояга етмаган фарзандлари Ш.Х. ва И.Х. билан яшаш хонадонидан номаълум томонга чиқиб кетиб, бедарак йўқолган. Аниқланишича, шу куни Қидирув тадбирлари давомида, вояга етмаган Ш.Х.нинг мурдаси Катта Фарғона каналининг Боғдод туманидан оқиб ўтган қисмидан топилган ва тегишли экспертизалар тайинланган.

Мазкур ҳолатда бедарак йўқолган фуқаролар қотиллик қурбони бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, ушбу ҳолатни келгусида тергов йўли билан текшириб, аниқлик киритиш мақсадида жорий йилнинг 4 март куни Жиноят кодексининг 97-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда Фарғона вилояти прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатларини ўтказиш билан бир қаторда, бедарак йўқолган Г.Н. ва унинг бир нафар фарзандини топиш юзасидан барча тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилмоқда.

Аввалроқ Риштон туманида ғойиб бўлган она ва қизлари қидирувга берилгани, қизларидан бирининг жасади Катта Фарғона каналидан топилгани ҳақида хабар берилган эди. 

Мавзуга оид