Чироқчи тумани иккига бўлинди
Янги ташкил этилган Кўкдала туманининг маркази этиб Еттитом шаҳарчаси белгиланди.
Сенат ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 17 март куни Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида сенаторлар Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг чегараларини ўзгартириш ва Кўкдала туманини ташкил этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиққан.
Мажлисда Кўкдала тумани ташкил этилишига сабаб бўлган асосий омиллар алоҳида айтиб ўтилган. Қўмита маълумотига кўра, Чироқчи туманига 1926 йилда асос солинган бўлиб, аҳолиси 420 минг кишини, умумий ер майдони 2,8 минг километр квадратни ташкил этади.
Қайд этилишича, бугунги кунда туман марказидан энг чекка қишлоққача бўлган масофа 65-100 километрни, жумладан, Тошли қишлоғи – 100 километр, Сарсон қишлоғи – 93 километр ва Қуруқсой қишлоғи – 65 километрни ташкил этади. Масофа узоқлиги аҳоли туман марказига бориб-келиши учун 2-3 та йўловчи транспортидан фойдаланишига ва бир кун йўқотилишига сабаб бўлмоқда.
Гарчи Чироқчи туманида аҳоли сони ва имкониятлар катта бўлишига қарамасдан 2021 йилда аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,8 миллион сўм (вилоятда 5,5 миллион сўм), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,2 миллион сўм (вилоятда 8,7 миллион сўм), хизматлар ҳажми эса 1,8 миллион сўм (вилоятда 3,9 миллион сўм)ни ташкил қилиб, вилоят бўйича энг охирги ўринда жойлашган.
Шунга кўра, Чироқчи туманида яшаётган аҳолига ижтимоий ва маиший қулайликлар яратиш ҳамда вилоятда режалаштирилаётган ўзгаришлар, урбанизация жараёнларини давлат томонидан тартибга солиш, айниқса аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида, ушбу туманнинг бир қисмида Кўкдала туманини ташкил этиш ҳамда унинг марказини Еттитом шаҳарчаси этиб белгилаш назарда тутилган.
Бунда Чироқчи туманида истиқомат қилаётган 420 минг нафар аҳолининг 176,3 минг нафари, яъни 32 та маҳаллада яшаётган қисмини Кўкдала тумани таркибига ўтказиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Кўкдала тумани таркибига 162 та саноат корхонаси ва 1 та кичик саноат зонаси (Айритом) ўтказилади.
Маълумот учун, Чироқчи тумани мактаблар сони бўйича Ўзбекистонда биринчи ўринда туради. Бу туманда 234 та мактаб бўлиб, уларда 93 мингдан ортиқ ўқувчи таълим олади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил октябр ойида президент Қашқадарё вилоятидаги сайловчилар билан учрашувда Чироқчи туманининг аҳолиси кўплиги ва ҳудуди катталигини инобатга олиб, туманни иккига бўлиш ва унинг бир қисмида Кўкдала туманини ташкил этиш таклифини билдирганди.
Мавзуга оид
14:50 / 14.09.2024
Қашқадарёда солиқчилар ресторанда қарзга еб-ичиб, кейин тадбиркорни текширгани ва қаматиб юборгани айтилмоқда
11:16 / 15.08.2024
Қашқадарёда газбаллон портлаши ортидан бир кишининг ўлимига сабаб бўлган талаба озодликдан маҳрум этилди
18:52 / 02.08.2024
Фуқарога тарсаки туширган Чироқчи тумани ҳокими интизомий жазога тортилди
17:12 / 02.08.2024