ИИВ ЙҲХББ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 15 март куни Сирдарё вилоятидаги мунтазам пост-патрул масканларидан бирида Қашқадарё-Тошкент йўналишида ҳаракатланиб келаётган Cobalt машинаси тўхтатилганда ҳайдовчида тегишли ҳужжатлар йўқлиги маълум бўлади.

Шундан сўнг машина юкхонаси ва салони текшириб кўрилганда у ерда 1 тонна 256 килограмм номаълум ҳайвон гўшти борлиги аниқланади.

Cobalt’га ортилган гўшт вилоят ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат хавфсизлиги давлат марказида лаборатория теширувидан ўтказилганда истеъмолга яроқсиз экани маълум бўлади.

Дастлабки суриштирувда ҳайдовчи машина ва унга ортилган гўшт ўзига тегишли эмаслигини айтган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарё вилоятида жойлашган «Умакай» мунтазам ЙПХ масканида Nexia машинаси билан Тошкентга олиб кетилаётган 900 килограмм истеъмолга яроқсиз гўшт тўхтатиб қолинганди.