Иқтисодиёт | 12:07 / 05.04.2022
57909
2 дақиқада ўқилади

Нималарнинг нархи ошиши мумкин? — Марказий банк инфляцион кутилмалар шарҳини эълон қилди

Март ойида ўтказилган сўров натижаларида аҳолининг инфляция бўйича кутилмалари 15 фоизни, тадбиркорлик субъектлари кутилмалари эса 15,4 фоизни ташкил қилган. Аҳоли ва бизнес келгусида нималарнинг нархлари ошишини кутмоқда?

Фото: Shutterstock

Марказий банк март ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари шарҳини эълон қилди.

Унга кўра, аҳолининг инфляция бўйича кутилмалари февраль ойига нисбатан 1 фоизга ўсиб, 15 фоизни ташкил қилган.

Аҳоли келгусида нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:

  • валюта курси ўзгариши (54 фоиз);
  • импорт товарлари ҳамда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашиши (49 фоиз);
  • нархларнинг сунъий оширилиши (37 фоиз).

Шунингдек, иш ҳақи ҳамда нафақалар ошиши (23 фоиз) ва ёқилғи-энергия ресурслари қимматлашиши (18 фоиз) каби омиллар ҳам аҳоли инфляцион кутилмаларига сезиларли таъсир ўтказган.

Маълумот учун, ўтган йилнинг ноябрь ойидан бери аҳолининг инфляцион кутилмалари пасайиб келаётган эди.

Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари

Март ойи якунлари бўйича келгуси 12 ой учун нархлар ўсишига оид респондент тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари 15,4 фоизни ташкил қилиб, ўтган ойга нисбатан 0,8 фоизга ошган.

Бизнес нархларнинг ошишига қайси омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди?

  • Валюта курси ўзгариши (51 фоиз);
  • ёқилғи ва транспорт хизматлари нархлари қимматлашиши (36 фоиз);
  • ташқи иқтисодий шароитлардаги ўзгаришлар натижасида хориждан импорт қилинадиган хомашё ва бутловчи қисмлар қимматлашиши (22 фоиз).

Шу билан бирга, сўровда қатнашган бизнес вакилларининг 17 фоизи келгусида иш ҳақи ва нафақалар ошишини, 14 фоизи эса иқтисодиётда рақобат муҳити ёмонлашиши мумкинлигини таъкидлашган.

Мавзуга оид