Бу борадаги мурожаатлар бизгача етиб келди ва мени 2800 дан ортиқ аъзога эга рус тили ўқитувчилари гуруҳига қўшиб қўйишди. Четдан кузатиб, ўқитувчиларга саволлар бериб, вазият қандай ва улар нимадан норози эканлигини эшитдим, масъуллардан ҳам тушунтириш олдим. Қуйида шу ҳақда батафсилроқ гаплашамиз. Барча эътирозларга жавоб берилган, эринмасдан ўқиб чиқинг.

Маълум бўлишича, март ойининг сўнгги саналарида миллий тилда ўқитиладиган мактабларнинг рус тили фани ўқитувчилари малака тоифаларини ошириш учун ўз ихтиёрлари билан (пулли), аттестация муддати келганлари эса тоифасини сақлаб қолиш учун (текин) тест синовлари топширишган.

Педагог кадрлар аттестацияси «Таълим тўғрисида»ги Қонун, ҳукуматнинг 2021 йил 17 сентябрдаги «Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 572-сонли қарорига асосан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ўтказилади.

Синов топшираётган ўқитувчилар икки босқичда 100 баллгача (энг камида 55 балл) йиғишлари лозим. Педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлиги учун 20 баллгача мактабда қўйиб берилади. Қолган 80 баллни олиш учун ўқув фани бўйича 1 соат ичида 40 саволга жавоб бериб, малака тест синовларидан ўтишади.

Ўқитувчилар биринчи босқичда ўз мактабларидан турли баллар олиб келишган. Ҳамма эътироз ўтказилаётган иккинчи босқич тест синовлари билан боғлиқ.

Асосий эътирозлар

Ўқитувчиларнинг тўлиб-тошиб ҳикоя қилишларича, тест саволлари мактаб дастуридан эмас, Россиянинг олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари базасидан олинган ва ўта мураккаб тузилган. Саволлар чалкаш, жадвал ва графиклар билан берилган, айрим саволлар чалғитувчи, уларга ажратилган вақт (ҳар бир саволга ўртача бир ярим дақиқа) етарли бўлмаяпти.

Айрим саволлар чиндан ҳам мактаб дастурига тааллуқли эмас. Жумладан, Максим Горькийнинг нечта хотини бўлгани, Владимир Висоцкий қайси кинога куй басталамаган, асосан Россия телеканалларида кўрсатиладиган филмларга оид саволлар учраганини ёзишмоқда.

Ўқитувчилар гуруҳида бу борада сўровнома ҳам ўтказилган ва 92 фоиз сўралганлар тест саволларида хатолик борлиги ва аксарият қисми мактаб дарсликларидан тузилмаганини тасдиқлашган.