ЙПХ ходимларининг видеотасвирини интернетда тарқатишни тақиқлаш кўзда тутилган ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамаси 29 март куни якунланган эди. Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат жамоатчиликнинг танқидига учради.

Бу борада Kun.uz'га интервью берган адвокат Руслан Содиқов Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори лойиҳаси Ўзбекистон Конституцияси ва бошқа қонунларга зид эканини таъкидламоқда.

“ЙПХ ходимлари ва йўл ҳаракати қатнашчилари ўртасида сир сақланадиган нарса йўқ”

Руслан Содиқов, адвокат:

— Конституциянинг 7-моддасида Ўзбекистонда давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб амалга оширилиши, 29-моддада эса ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга экани белгиланган. “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунда белгиланишича, видео ҳам материал сифатида ахборот ҳисобланади. Конституция ва қонунларнинг устунлиги мамлакат ҳудудида сўзсиз тан олинади. “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунда қайд этилишича, юқори турувчи қонунга бошқа ҳеч қандай норматив ҳуқуқий ҳужжат зид бўлиши мумкин эмас.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низомда ЙПХ ходими билан фуқаронинг муносабати тенглик ва ошкоралик принципларига асосланиши мустаҳкамлаб қўйилган. Жамоатчилик танқидига учраган ҳукумат қарори лойиҳаси ушбу принципларга зиддир. Бу нимада кўринади?

ЙПХ ходими фуқарони бодикамераси орқали тасвирга олишга ҳақли. Бу бир томонлама далил бўлиб қўлланиши мумкинлигини тасдиқловчи ҳолатлар амалиётда афсуски, учради. Самарқандда солиқчи билан рўй берган воқеада бодикамерага ёзиб олинган маълумот қирқиб, монтаж қилиниб тарқатилгани асосида жиноят яширилган, сўнгра суд давомида бу фош бўлганди