Бу ўринда кўпчиликни мамлакатнинг кейинги тақдири нима бўлиши ўйлантириши табиий.
Kun.uz Афғонистондаги оғир вазият ва келгусида мамлакатда юз бериши мумкин бўлган воқеалар таҳлили бўйича сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ва афғоншунос Суҳроб Бўронов билан интервью уюштирди.
— Қандай омиллар афғон иқтисодиётини жарликка йиқитмоқда?
Камолиддин Раббимов:
— 2001 йилда АҚШ ва НАТО коалицияси Афғонистонга кираркан, бу ердаги иқтисодий ва ижтимоий вазият тўлиқ ғарб коалицияси зиммасига юкланганди. Бу жараён 2021 йилга қадар давом этди.
Афғонистон иқтисодиётига ҳар йили бир неча ўн миллиардлаб сармоя киритиш – Ғарбнинг Афғонистонда давлатчилик шакллантириш бўйича стратегиясининг асоси эди.

Ўтган йили Афғонистонда ҳокимиятга толибларнинг келиши бу жараённи тўхтатди. Яъни Афғонистон шу пайтгача ичкаридан ишлаб чиқарувчи, рақобатбардош иқтисодий тизим ярата олмаганди.
Ҳокимиятга келиши арафасида толибларга АҚШ томонидан анча жиддий ва рационал шартлар қўйилган. Ҳали ҳам музокаралар давом этяпти. Ҳозир эса ташқи дунёнинг Афғонистонга бериб келинган ёрдамлари тўхтатилиши оқибатида ўта оғир ижтимоий-иқтисодий инқироз юзага келди.
Бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг бор эътибори Украинага қаратилгани туфайли Афғонистонга эътибор пасайиб кетди. Лекин бу дегани Афғонистондаги инқироз ўз ечимини топяпти дегани эмас.
Суҳроб Бўронов:
— Дарҳақиқат, айни пайтда Афғонистондаги гуманитар вазият ўта кескин. БМТ маълумотларига кўра, ҳозир Афғонистон аҳолисининг қарийб тенг ярми – 23 миллионга яқин киши гуманитар инқироз шароитида кун кечирмоқда. Бу эса Американинг Афғонистондан чиқиб кетиши ва айниқса, мамлакатнинг хориждаги 8 млрд долларга яқин давлат активлари музлатиб қўйилиши билан боғлиқ.
Бундан ташқари, бугунга келиб минтақанинг катта салоҳиятга эга бир қатор давлатлари томонидан Афғонистонга етказиб берилаётган ёрдамлар ҳам тўхтаб қолди. Масалан, Ҳиндистондан келаётган ёрдамлар. Ҳиндистон аввалроқ – Ашраф Ғани ҳокимияти пайтида Афғонистонга ёрдам етказиш бўйича дунёда бешинчи ва минтақада биринчи давлат эди.


















