Инсоният радиация ҳалокатининг аянчли оқибатларини Иккинчи жаҳон уруши тугаши арафасида АҚШ томонидан Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбалари ташланганида билди. Ўшанда бу икки шаҳар бутунлай вайронага айланди, 100 минглаб одамлар ҳалок бўлди. Тирик қолганлар эса атом бомбаси портлаши туфайли юзага келган радиация нурлари оқибатида ногирон бўлиб қолди.

Фото: Shutterstock

Кейинчалик ҳар икки шаҳар қайта тикланди ва уларда одамлар яшай бошлади. Аммо радиация нурлари сақланиб қолаверди. Оқибатда ҳар иккала шаҳарда ҳам узоқ йиллар давомида одамлар турли касалликларга чалиниши, танасида нуқсони бор ҳолда туғилиши давом этди.

Дунё аҳли Хиросима ва Нагасакидан кейин ҳам бир қанча радиация ҳалокатларини кўрди. 1979 йилда АҚШдаги Три-Майл-Айленд, 1986 йилда Чернобил, 2011 йилда Япониядаги Фукусима атом электростанцияларида ҳалокатлар содир бўлди. Аммо унгача, 1957 йилда Россиянинг Челябинск вилоятида жойлашган радиоактив моддаларни қайта ишлашга ихтисослашган кимё корхонасида йирик портлаш содир бўлганди. Мазкур ҳодиса кўлами жиҳатдан Чернобил ва Фукусима АЭСдаги ҳалокатларидан сўнг учинчи ўринда туради.

Фото: kakprosto.ru

Радиоактив моддаларни қайта ишлайдиган заводлар қурилиши

1945 йилда СССР ҳукумати қарори билан Челябинск вилоятида радиоактив моддаларни қайта ишлайдиган йирик завод мажмуаси қурила бошланади. 1948 йил июн ойида Евросиёда илк саноатда фойдаланиш учун «А-1» ядро реактори лойиҳаси қуриб битказилади.

1949 йил январ ойида заводдаги бир нечта корхона, жумладан ядронинг асосий хомашёси бўлган плутонийни қайта ишлайдиган радиокимёвий завод, феврал ойида эса ядро зарраларини ишлаб чиқарувчи кимё-металлургия заводи ишга туширилади. Кейинчалик мазкур заводлар фаолияти янада кенгайтирилади. Завод атрофида ишчилар учун Челябинск-40 шаҳарчаси тикланади.

Фото: news.lent.az

1949 йилдан бошлаб корхоналар атрофида жойлашган очиқ сув ҳавзаларига ўрта ва паст даражадаги технологик суюқ радиоактив чиқиндилар оқизила бошланади. Шу тариқа, 1949-1951 йилларда корхоналар яқинида жойлашган Теча дарёси радиоактив чиқиндилар билан сезиларли даражада ифлосланади.