Ўзбекистон | 16:42 / 21.04.2022
27479
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда селда оққан яна бир кишининг мурдаси топилди

Фориш туманида 20 апрел куни сел оққанда бедарак йўқолган шахснинг мурдаси топилган. Шу тариқа қурбонлар сони 5 нафарга етган. 6 киши турли даражада тан жароҳати олган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Жиззах вилояти прокуратураси ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 20 апрель куни соат 15:00 ларда кучли ёмғир ёғиши оқибатида Нурота тоғ тизмасининг Фориш туманидаги қисмидан “Эгизбулоқ” МФЙ ҳудудидаги Оришли қишлоғи орқали Эгизбулоқ қишлоғига сел тошқини келган.

Оқибатда, шу ҳудудда яшовчи 4 нафар шахс вафот этган, 1 нафари бедарак йўқолган ва 6 нафари турли даражада тан жароҳати олган. Шунингдек, сел тошқини натижасида 53 та турар жой ва уларнинг ёрдамчи хўжалик биноларига зарар етган.

Олиб борилган терговга қадар текширув ва тезкор-қидирув тадбирлари натижасида бедарак йўқолган шахс сувга чўкиши натижасида вафот этганлиги аниқланиб, унинг мурдаси топилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, воқеа содир бўлган ҳудудда тезкор штаб фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, тошқин оқибатлари бартараф этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 20 апрел куни кучли ёмғир ёғиши натижасида Самарқанд ва Жиззах вилоятининг бир қатор туманларида сел келиши ҳолатлари кузатилди ва ҳудудларни сув босди.

Мавзуга оид