“Ўзбекистондан Лонг Айландга, энди эса Калифорнияга – фидойилик, шижоат ва оптимизм имкониятларингиз чегарасини қандай кенгайтириши мумкинлиги ҳақида” – мақолага ана шундай сарлавҳа қўйилган. Қуйида мақола айрим жуъий қисқартиришлар билан тақдим этилади.
Жасур кўпинча вақтини Swirbul кутубхонасида ўтказади. Шунингдек, уни университет кампусида учратиб қолишингиз ҳам одатий ҳол. Хулқ-атворида дастурий муҳандисликка муҳаббат, тенгдошлари ва одамларга ёрдам бериш, ҳайратланарли ишчанлик ва алоҳида муомала маданияти бор.
Шукуров Аделфига 2018 йилда Ўзбекистондан келган. У дастурий муҳандислик билан шуғулланади, Фахрий Коллеж аъзоси. Жасур қабул комиссияси ва Халқаро хизматлар бўлимида ишлаган, у ерда 200 дан ортиқ Аделфи талабалари иштирок этган East Meets West (Шарқ ва Ғарб учрашуви) маданий тадбирини ташкил этишга ёрдам берган. Ҳозирда у Ахборот технологиялари бошқармасида ўқитувчи ёрдамчиси ва илмий ёрдамчи сифатида хизмат қилмоқда.
У нуфузли Google Generation стипендияси соҳиби ва бир нечта стажировкаларни муваффақиятли ўтаган. Унинг сўнгги бор ёзда Калифорниядаги Амазон компаниясида дастурчи муҳандис сифатидаги стажировкаси компания маъмуриятини шу қадар ҳайратда қолдирдики, бу йил баҳорда ўқишни битиргандан сўнг уни тўлиқ штатдаги лавозим кутмоқда.
“Курс қийин бўлса, бундан завқланаман, чунки бу мен ниманидир ўрганаётганимни англатади”
“Информатика фанини танлаш ёқимли танлов эди, – дейди Шукуров. – Мен технологияга 14 ёшимдан бери қизиқаман ва айнан шу ёшда кодлашни бошладим. Бу мен учун жуда иштиёқли нарса – болалигимдан шу соҳа эгаси бўлишимни билардим”.
“Ўзингиз ёқтирган нарсани қилиш жуда муҳим, – дея қўшимча қилади у. – Мен чин дилдан ишонаманки, сиз ўзингиз аҳамиятли ҳисоблаган ҳар қандай ишни қилсангиз, у орқали албатта муваффақиятга эришасиз. Мен учун бу компьютер фанидир. Курс қийин бўлса бундан қувонаман, чунки бу мен ниманидир ўрганаётганимни англатади. Дарсга бориш ҳеч қачон зерикарли бўлмаган; умуман, қийинчиликдан завқланардим, чунки бу менга ёрдам беришини билардим”.










