17:13 / 29.04.2022
27324

«Ўзгидромет» 3–5 май кунлари сел келиш хавфидан огоҳлантирди

Фото: Kun.uz

«Ўзгидромет» 3–5 май кунлари кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши сабабли республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Марказ маълумотига кўра, бундай хавф юзага келиши мумкин бўлган ҳудудлар қуйидагилар:

  • Қашқадарё вилояти: Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор, Косон туманлари;
  • Сурхондарё вилояти: Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музработ туманлари;
  • Самарқанд вилояти: Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пайариқ, Жомбой, Иштихон туманлари;
  • Навоий вилояти: Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Кармана туманлари;
  • Жиззах вилояти: Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманлари;
  • Тошкент вилояти: Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ туманларида ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарлари;
  • Наманган вилояти: Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманлари;
  • Фарғона вилояти: Сўх, Фарғона, Бешариқ туманлари;
  • Андижон вилояти: Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманлари.

«Тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролардан, дам олувчилардан ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришларини сўраймиз», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 20 апрель куни Самарқанд, Жиззах, Навоий ҳамда Қашқадарё вилоятларида кучли ёмғир ёғиб, жиддий оқибатларга олиб келган сел кузатилди. Сел оқимлари оқизиб кетиши натижасида Фориш туманида 5 киши ҳалок бўлди.

Top