Индексда балларни ҳисоблаш методологияси ўзгаргани сабабли натижаларни 2021 йил натижалари билан таққослашда эҳтиёт бўлиш лозим, дейилади ташкилот расмий релизида.

Янги методологияга кўра, дунё мамлакатларидаги ОАВ эркинлигининг ҳолати беш хил индикатор: сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий-маданий ва хавфсизлик нуқтайи назарларидан баҳоланган.

Индексда мамлакатлар сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият “яхши”, “қониқарли”, “муаммоли”, “оғир” ва “жуда жиддий” гуруҳларга бўлинган. “Чегара билмас мухбирлар” Ўзбекистонда сўз эркинлиги бўйича “оғир” вазият сақланиб қолаётганини қайд этган.

Ҳисоботда Ислом Каримовдан кейинги даврда Ўзбекистон сўз эркинлиги бўйича қатор ютуқларга эришгани эътироф этилиши баробарида, танқидий хулосалар ҳам билдирилган.

Кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда ОАВ ва блогерлар устидан назорат ўрнатилган, телеканаллар асосан пропаганда билан машғул, расмий матбуот ёритолмайдиган мавзулар ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинади. Хулосада, шунингдек, сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий 6,5 йилга қамалгани ҳам эслаб ўтилган.

Марказий Осиё барча давлатларининг рейтингдаги ўрни яхшиланган:

72. Қирғизистон (+7 поғона ўсиш)
122. Қозоғистон (+33)
133. Ўзбекистон (+24)
152. Тожикистон (10)
177. Туркманистон (+1)

Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов мамлакат матбуот эркинлиги индексида юқорилагани билан соҳа вакилларини қутлади.

“Чегарасиз репортёрлар" халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тузиладиган Сўз эркинлиги индексининг 2022 йилги рейтингида Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини бирдан 24 позицияга яхшилаб, 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилди.

Шу муносабат билан Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини жамоатчилик фикрини ифода этадиган “тўртинчи ҳокимият”га айлантириш борасида қўйилаётган муҳим қадамларнинг натижаларидан бири бўлган ушбу катта муваффақият билан юртимиз журналистикаси, оммавий ахборот воситалари ва медиа соҳаси вакилларини табриклайман”, – дея ёзди Асадов Telegram-каналида.