Ўзбекистон | 08:23 / 06.05.2022
4943
2 дақиқада ўқилади

Бемор болаларга таълим бериш учун «Меҳрли мактаб» муассасаси ташкил этилди

Фото: Shutterstock

“Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болалар учун мактабгача таълим ва тарбия ҳамда умумий ўрта таълим бериш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болаларга мактабгача таълим ва тарбия ҳамда умумий ўрта таълим бериш жараёнларини самарали ташкил этиш учун “Меҳрли мактаб” давлат таълим муассасаси ташкил этилди.

“Меҳрли мактаб” юридик шахс мақомига эга бўлиб, Халқ таълими вазирлиги ҳузурида ташкил этилади. “Меҳрли мактаб”да қуйидаги мактабгача гуруҳлар фаолият кўрсатиши мумкин:

  • мактабгача таълим госпитал гуруҳлари – стационар даволанаётган, соғлиғи сабабли мактабгача таълим ташкилотларига бора олмайдиган 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этилган гуруҳлар;
  • илк ривожланиш ёшидаги болаларга мўлжалланган ўйин гуруҳлари – 1,5 ёшдан 2 ёшгача бўлган болалар учун стационар даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этиладиган гуруҳлар. Уларда парвариш қилиш ва назорат қилиш ишлари ота-оналарнинг фаол иштирокида ташкил этилади;
  • мактабгача таълим госпитал гуруҳлари, илк ривожланиш ёшидаги болаларга мўлжалланган ўйин гуруҳлари.

Даволанаётганларни мактабгача госпитал гуруҳларига қабул қилиш “Меҳрли мактаб” томонидан тақдим этиладиган рўйхатлар асосида амалга оширилади.

Марказда даволанаётганлар учун алоҳида ишлаб чиқилган ўқув режаси асосида 1–11-синфлар ҳажмида умумий ўрта таълим берилади. Дарс машғулотининг давомийлиги бошланғич таълим (мактаб)нинг 1–4 синфларида – 35 дақиқа, 5–11 синфларда – 40 дақиқа бўлади. Бунда бир кунлик дарс машғулотлари 1–4 синфларда 3 соатдан, 5–11 синфларда 4 соатдан ошмаслиги лозим. Ўқув ҳафтаси давомийлиги 5 кунлик асосида олиб борилади.

Мавзуга оид