Ўзбекистон | 16:21 / 13.05.2022
9948
2 дақиқада ўқилади

Прокуратура кўричакда гумонланиб операция қилинган аёлнинг ўлими сабабларини ўрганмоқда

Андижоннинг Қўрғонтепа тумани шошилинч ёрдам бўлимига иситма ва оғриқ билан олиб келиниб, ўткир кўричак касаллиги билан операция столига ётқизилган Ойсирға Давлатова вафоти бўйича прокуратура изоҳ берди.

Фото: KUN.UZ

Қайд этилишича, экспертизанинг 28 апрел кунги дастлабки маълумотига кўра, фуқаро О.Давлатовада иккала ўпка ва буйраклар камқонлиги, оқ ранглиги, иккала буйрак ва атроф юмшоқ тўқималарига қон қуйилиши, ошқозон ва ингичка ичакларнинг яллиғланиши, ошқозон ва ингичка ичаклар бўшлиғида 1000 мл қорамтир суюқликнинг мавжудлиги ва шиллиқ қаватларига қон қуйилиши, полиорганик етишмовчилиги аниқланган.

Текширув давомида ишга алоқадор шахслардан тушунтириш хатлари олиниб, фуқаро О.Давлатовада касалликнинг кечиши, жарроҳлик операцияси ва муолажаларнинг ўз вақтида олиб борилганлиги, шифокорлар ва бошқа ходимларнинг хатти-ҳаракатларини ўрганиш мақсадида комиссиявий суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Шунингдек, туман прокурори томонидан 8 май куни тўпланган ҳужжатлар бўйича текширув муддати бир ойга қадар узайтирилган.

Эслатиб ўтамиз, О.Давлатова шифохонага кучли оғриқ билан олиб келингач, кўрикдан ўтказилади ва кўричак ташхиси билан операция столига ётқизилади. Шифокорлар беморнинг яқинларига кўричаги йиринглаб кетгани, шу сабабли тананинг бошқа жойларига ҳам оғриқ бераётганини айтишган. Бироқ кўричакнинг олиб ташланган қисмида йиринг кузатилмаган.

Операциядан сўнг бемор бироз вақт ўзига келмайди ва бирданига кома ҳолатига тушиб қолади. Бироз муддат ўтгач эса вафот этади.

 

Мавзуга оид