Ўзбекистон | 12:47 / 16.05.2022
13367
3 дақиқада ўқилади

Партиялар Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ташаббуси билан чиқди

ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» мамлакат Конституциясини янгилаш жараёнини бошлаш таклифини билдиришди. Депутатлар ислоҳотлардан келиб чиқиб, Конституцияни бугунги кун талабларига мослаштириш зарур деб ҳисоблайди.

Фото: ЎзЛиДеП матбуот хизмати

16 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси йиғилишида депутатлар Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнини бошлаш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда ЎзЛиДеП матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, фракция аъзолари Конституцияни бугунги реал воқеликка мослаштириш, янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш бўйича ўзларининг аниқ позицияларини маълум қилган.

Шунингдек, ЎзЛиДеП фракцияси сайловолди мақсад ва вазифалари ҳамоҳанглиги туфайли ушбу масалани «Миллий тикланиш» партияси билан қўшма йиғилишида кўриб чиқишни режалаштирган.

«Юқоридагилардан келиб чиқиб, парламентдаги ЎзЛиДеП фракцияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги яна бир етакчи фракция – «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш бўйича илгари сураётган ташаббуслари партияларнинг мақсад ва вазифалари ҳамда сайловолди дастурлари билан ҳамоҳанг эканлигидан келиб чиқиб, ушбу масалани мазкур фракцияларнинг қўшма йиғилишида муҳокамага қўйилиши ташаббусини илгари сурди», дейилади партия ахборотида.

«Миллий тикланиш» фракцияси йиғилишида ҳам конституциявий ислоҳотлар ўтказиш ташаббуси муҳокама қилинган.

Партия баёнотида бугунги кунда мамлакатда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, Ҳаракатлар стратегиясидан Тараққиёт стратегиясига ўтиш жараёни, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, мамлакат Бош қомусини такомиллаштиришни тақозо этаётгани қайд этилган. Глобаллашув, рақамлаштириш, тез ўзгариб бораётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жараёнлар, жамият ва давлат барча жабҳаларини модернизация қилишда конституциявий-ҳуқуқий ислоҳотлар ўтказиш талабини қўяётгани таъкидланган.

«Илгари сурилаётган ташаббусда Конституциямизда оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларимизни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича билдирилаётган таклифлар партиядошларимиз ва хайрихоҳларимиз томонидан қўллаб-қувватланишига ишончимиз комил.

Бундай муҳим вазифани жамоатчилик билан маслаҳатлашган ҳолда жаҳондаги илғор тажрибани чуқур ўрганиш асосида амалга ошириш, нафақат бугунги авлод, балки келажак авлод вакиллари олдидаги бурчимиздир», дейилади партия матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси билан маслаҳатлашувлардан келиб чиқиб, мазкур масалани ушбу фракцияларнинг қўшма йиғилишида муҳокама қилиш ташаббуси илгари сурилган.

  • Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 декабрь куни Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев асосий қомусни янгилаш тўғрисида гапириб ўтган ҳамда конституциявий ислоҳотлар учун 9 та заруратни санаган эди.

Мавзуга оид