11:08 / 17.05.2022
10425

Ўзбекистонда маҳалла раислигига ўтказилаётган сайловнинг биринчи кунида 52 фоиз амалдаги раислар ғалаба қозонди

Маҳалла раислигига ўтказилаётган сайловнинг биринчи кунида 52 фоиз амалдаги раислар ғалаба қозонди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева маълум қилди. 

Қайд этилишича, сайловнинг биринчи куни, яъни, 16 май куни ҳолатига кўра, 834 нафар маҳалла раиси сайланди, битта маҳаллага ўртача 2,7 нафардан номзод тўғри келди.

Сайланган раисларнинг 399 нафари, яъни қарийб 48 фоизи биринчи маротаба, 435 нафари - 52 фоиздан ортиғи амалдаги раисларни ташкил этади.

Раисларнинг 102 нафари аёллардан, 60 нафари маҳаллий кенгашлар депутатларидан иборат.

Сайланган раисларнинг сифат таркиби қуйидагича:

  • маълумоти бўйича: 768 нафари - 92,1 фоизи олий, 62 нафари - 7,4 фоизи ўрта-махсус, 4 нафари ўрта маълумотга эга;
  • ёши бўйича: 26 нафари 30 ёшгача, 198 нафари 30-40 ёшгача, 287 нафари 40-50 ёшгача, 252 нафари 50-60 ёшгача, 71 нафари 60 ёшдан юқори;
  • мутахассислиги бўйича: 270 нафари ўқитувчи, 123 нафари иқтисодчи, 137 нафари муҳандис, 52 нафари агроном, 41 нафари ҳуқуқшунос, 9 нафари шифокор, 21 нафари қурувчи, 5 нафари товаршунос, 10 нафари санъаткор ва спортчи ҳамда 166 нафари бошқа соҳа вакиллари.
Top