Бугун, 20 май куни Қонунчилик палатасида парламент палаталари кенгашларининг конституциявий ислоҳотлар муҳокамасига бағишланган қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, мажлисда Конституциявий ислоҳотлар бўйича комиссия таркиби тасдиқланиб, унинг фаолиятини тартибга солувчи низом қабул қилинди.
Тадбирда депутат ва сенаторларнинг конституциявий ислоҳотлар зарурати бўйича фикрлари ҳам эшитилди. Бу борада жумладан, Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Ўзбекистон конституциясига ўзгартишлар киритиш заруратини АҚШ конституциясида ҳам ўзгаришлар бўлгани билан асослашга ҳаракат қилди.
«Ҳозир янги бир конституциявий ёндашиш – «Инсон, жамият, давлат» деган бир янги методологик парадигма илгари суриляпти.
Мен тарихга бир қарадим. Масалан, АҚШда биринчи конституция бу давлат конституцияси эди. Ўша АҚШнинг 1787 йилда қабул қилинган конституцияси 7 та моддадан иборат ва унда фақат давлат органлари билан боғлиқ масалалар тартибга солинган. Конгресс, президент, олий суд, федерация масалалари ва ҳоказо. Ҳатто (бу ҳужжатда) “инсон ҳуқуқлари” деган сўз бўлмаган. Мана шу биринчи тўлқин, яъни XVIII-XIX асрларда қабул қилинган конституцияларини давлатнинг конституциявий мақомига бағишланган дейиш мумкин. Бу биринчиси.

Иккинчи тўлқин конституциялари ХХ асрда қабул қилина бошланди, яъни 70-80 йилларгача. Буларни мен инсон ҳуқуқларига бағишланган конституциялар деб номлаган бўлардим. Мана шу даврда қабул қилинган ҳамма конституцияларда инсон ҳуқуқлари биринчи ўринга чиқа бошлади, яъни бу ерда инсонни конституцияда ўрнини белгилаб бора бошланди. Сўнгги 25, 30 йилда қабул қилинган конституцияларга фуқаролик жамияти институтлари қўшила бошланди. Масалан: бизнинг ҳозирги, амалдаги конституцияни кўрсангиз, учинчи бўлимининг номи “Жамият ва шахс” дейилган. “Фуқаролик” деган сўз йўқ эди, чунки биз 90 йилларда фуқаролик жамияти деб кўп гапирмас эдик. Мана энди тўлиқ айта оламизки, фуқаролик жамияти ва шахс дейишга тўлақонли асосимиз бор.
Ҳозирги кунда конституциямизнинг 32-моддасида жамоатчилик назорати, жамиятнинг ижроия ҳокимияти устидан амалга оширадиган жамоатчилик назорати ҳам тўлиқ назарда тутилган», – деди у.
Депутат ўз сўзида ижтимоий тармоқларда конституциявий ислоҳотлар бўйича фикр билдираётган айрим фойдаланувчиларни ислоҳотлар мазмунини тушунмаётганликда айблаган.
















