Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Айрим саноат зоналари хорижий компаниялар бошқарувига берилади
Ўзбекистонда хорижий мамлакатларнинг тажрибали компанияларига 1 тадан саноат зоналари бошқарувга берилади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.
Қайд этилишича, 26 май кунги йиғилишда икки ой муддатда хорижий мамлакатларнинг тажрибали компанияларига 1 тадан саноат зоналарини бошқарувга бериш ҳамда хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича таклиф киритиш топширилган.
“Яна бир масала – экспортга маҳсулот ишлаб чиқаришда ташқи бозорлар талабларидан келиб чиқишимиз шарт. Бунда, ишлаб чиқарилаётган ҳар бир маҳсулот хорижий стандартларга жавоб бериши, бозор ва истеъмолчи талабларига мос келиши асосий талаб бўлади”, деди президент йиғилишда.
Бундан ташқари, кичик саноат зоналарида узоқ йиллар фаолият юритаётган ва ҳозирда ер ва бино-иншоотларга ҳуқуқи ҳал бўлмаган 2 мингдан зиёд тадбиркорлар мавжуд.
Бир ой муддатда саноат зоналарида жойлашган тадбиркорларнинг ер ва бино-иншоотлари билан боғлиқ масалаларини ҳал қилиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
Бугунги кунда фармацевтикага ихтисослашган 5 та эркин иқтисодий зонанинг 40 фоиз ер майдони бўш тургани кўрсатиб ўтилди. Тадбиркорлар ушбу бўш майдонларда бошқа саноат лойиҳаларини ҳам амалга оширишга рухсат беришни сўрамоқда.
Мутасаддиларга фармацевтика иқтисодий зоналари фаолиятини кенгайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.