2022 йил 15 март куни Тошкент туман газ таъминот бўлими ходими Даврон Носиров тумандаги Бунёдкор маҳалласида фуқаронинг уйига хизмат кўрсатиш учун борган. У газ ҳисоблагичга пломба ўрнатаётган вақтда белига ўқ келиб теккан.

Жабрланувчи дарҳол Тошкент тиббиёт академияси шошилинч жарроҳлик бўлимига олиб келинади. Лекин 16 мартга қадар ҳам шифокорлар унинг танасидаги ўқни олишолмаган. Шундан сўнг бемор Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий госпиталига олиб келинади. У ерда бемор танасидан ўқ олиб ташланади.

Бемор танасидан олинган металл жисм

Тайинланган суд-баллистик экспертиза хулосасига кўра, Даврон Носировнинг танасидан олинган металл жисм (ўқ) Драгунов мерганлик қуроли (СВД)нинг 7,62 калибрли ўқ қисми бўлиб чиқади. Маълум бўлишича, ундан 15 март куни Даврон Носиров хизмат кўрсатаётган маҳалла яқинида жойлашган Жамоат хавфсизлиги университетининг ўқув машғулотлари жараёнида фойдаланилган. Бу ҳақда прокуратура томонидан жабрланувчи ишлайдиган Тошкент туман газ таъминот бўлими ва у сиртқи таълимда ўқийдиган Миллий университет раҳбариятига юборилган маълумотномада айтилади.

Фото: Getty Images

7,62 мм калибрли Драгунов мерганлик милтиғи – 1957-1963 йилларда Евгений Драгунов бошчилигидаги конструкторлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган. 1963 йилдан бошлаб СССР армиясида фойдаланиш бошланган. Ҳозиргача МДҲ давлатлари, Яқин Шарқ, Ҳиндистон ва Хитой каби йирик давлатлар армиясидаги асосий мерганлик қуроллари сирасига киради.

Якка жонли нишонларни йўқ қилишга мўлжалланган қурол оптик нишонга олиш қурилмаси билан 1300 метргача, очиқ нишонга олиш орқали 1200 метргача мўлжалга олади.

Самарали отиш масофаси – 800 метр, нишонларни самарали йўқ қила олиши мумкин бўлган масофа – 3800 метр.

Қуролнинг оғирлиги 4,3 кг, узунлиги 1220 мм, патрон сиғими 10 дона ўқ.

Маълум қилинишича, ҳодисадан икки ҳафта ўтиб, 2022 йил 29 март куни ҳолат юзасидан Тошкент ҳарбий прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 297-моддаси (Атрофдагилар учун катта хавф манбайи бўлган қурол-яроғ, шунингдек модда ва буюмлар билан муомалада бўлиш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноий иш қўзғатилади. Носировнинг айтишича, терговчи унга 2,3 км узоқликдан дайди ўқ келиб текканини айтган.