9 июндан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича “Тошкент вилояти имтиҳон маркази” иш бошлади. Оҳангарон туманида жойлашган бу янги марказнинг расман очилиши ва тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев ҳамда лойиҳа ташаббускори Комил Алламжонов иштирок этди.

YeXDr-IjByKtEyBSpncE-7xZIM9vJXYa.jpg (1280×853)

Бундай автоматлаштирилган марказ Тошкент шаҳрида 4 февралдан фаолият бошлаган эди. Унинг асосчиси Комил Алламжоновнинг айтишича, ўтган вақт давомида пойтахтдаги имтиҳон марказига келган талабгорларнинг 30 фоизи ҳайдовчилик гувоҳномасини олган, қолган 70 фоизи, яъни 7 мингдан зиёд ўқувчи имтиҳонлардан йиқилган.

“Турли фикрлар бўлади, яъни “имтиҳон қийин, имтиҳон атайлаб қийин қилинган” деган гаплар учраб туради. Буларнинг ҳаммаси нотўғри. Имтиҳондан йиқилишнинг сабаби – мактабларда ўқишнинг яхши бўлмагани, мактабларда ўқишнинг сифати жуда ҳам пасайиб кетганидан.

Ўйлайманки, мана шу тизим ҳар бир ўқувчини ҳушёр тортишга ва бориб билим олишга мажбурлаб қўяди. Шу билан бирга, яна бир нарсани айтиш мумкинки, бугун Тошкент шаҳрида имтиҳон билан боғлиқ коррупция нолга тенглаштирилди, синов жараёнлари билан боғлиқ турли қўнғироқлар, турли таниш-билишчилик ҳолатлари нолга тенглаштирилди. Ҳозир Тошкент шаҳрида фақатгина билими борларгина ҳайдовчилик гувоҳномасини оляпти, билими борларгина йўлга чиқяпти, йўл ҳаракати иштирокчисига айланяпти.

Шу ислоҳот натижасида айнан шундай марказ пайдо бўлди. Бундан кейин ваъда бериб айтаманки, Тошкент вилоятида ҳам коррупция ҳолати, “права” олиш билан боғлиқ таниш-билишчиликлар нолга тенглаштирилади. Бу тизим айнан шунга хизмат қилади, бу тизим айнан шундай натижа бериши аниқ”, – деди у.

Тошкент вилояти имтиҳон марказининг имкониятлари пойтахтдаги билан тенг. Унда ҳар куни 600 нафардан зиёд одам назарий, 250 нафар талабгор эса ҳайдаш маҳорати бўйича имтиҳонларни топшириши мумкин.

Синов жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган. Фуқаро марказга келганидан сўнг у биринчи ўринда рўйхатдан ўтиши ва индивидуал QR-код олиши лозим. Кейинги босқичда назарий ва амалий имтиҳонлар учун тўловни амалга ошириш зарур.