Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга яқиндан ёрдам бериш Андижон вилояти фаолларига юклатилган. Ҳозирда андижонлик мутасаддилар, тадбиркор ҳамда фермерлар Кегейлида фаоллик кўрсатишмоқда.
Андижонлик мутасаддилар амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш мақсадида Кегейлида бўлишди. Мазкур ҳудудда андижонлик тадбиркорлар томонидан 2022–2023 йиллар давомида умумий қиймати 604 миллиард сўм бўлган 23 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар ҳисобига 1700 та янги ишчи ўрни яратилади.



Шуҳратбек Абдураҳмонов ва Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раиси Қаҳрамон Сариев Жузимбоғ маҳалласида аҳоли билан мулоқот қилиб, ҳоким ёрдамчисининг фаолияти билан танишди.
100 та иш ўрнига эга “Ниҳол текс” МЧЖ пайпоқ тўқиш фабрикасининг очилиш маросимида сўз олган Андижон вилояти ҳокими бу хайрли ишларнинг дебочаси эканини айтиб, ҳали юзлаб янги иш ўринлари яратилишини маълум қилди.


Кегейлининг Жузимбағ овулида яшовчи Ақсунгил Раметованинг 4 фарзанди олий таълим муассасасида шартнома асосида ўқийди. Фарзандлар контрактига пул топиш учун томорқа атрофидан ғишт қуйиб сотади. Аммо сув танқислиги бор эди. Муаммо атрофлича ўрганилиб, хонадон эгаларига ер остидан сув чиқариб берилди.

Айни пайтда “АНДИЖОН МАКРО ФАРМ” МЧЖ томонидан Кегейлида 23 хил дори воситаси ишлаб чиқариладиган фарм саноат корхонаси қурилмоқда. Корхонанинг лойиҳа қиймати 67,9 миллиард сўмни ташкил этади. 2023 йилда ишга туширилиши режалаштирилган бу масканда яна 100 та янги иш ўрни яратилади.



















