Ўзбекистон | 15:53 / 13.06.2022
10539
3 дақиқада ўқилади

“Ҳаққини талаб қилишдан қўрқмаслик ва қонунни ишлаб чиққанларнинг ўзи уни бузмаслиги” – Мурод Назаров қонун устуворлигини таъминлаш ҳақида

Тадбиркор Мурод Назаров Kun.uz’га берган интервьюсида ўзбек жамиятида қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги муаммолар ҳақида гапирди.

“Биринчи ўринда қонун устуворлиги. Қонун борми, у ишлаши керак. Нотўғри иш қилган одам қонун олдида жавоб беришдан қўрқиши, нотўғри иш қилмаган одам эса ҳар қандай вазиятда хотиржам бўлиши керак. Агар мана шу нарсани изга тушириб олсак, қолган ҳаммаси секин-секин жойига тушиб кетади.

Ҳамма муаммоларнинг ўқ илдизи қонун устуворлиги таъминлангани. Бизда қонун ишлаши керак. Нимага йўлиқсак, қонунни талаб қилсак ёки туҳматга учрасак...

Агар оддий қонун устуворлиги бўлганда, ўша кундаги ёнғин, ишчиларнинг кўчага чиқиши бўлмасди. Балки улар биздан 17-санада эмас, 10-санада олишни қонуний талаб қиларди. Биз балки уларга қонуний чора кўрардикки, сиз бизнинг обрўйимизни туширдинглар, дея. Улар асоссиз кўчага чиқди, пули ҳисобига тушиб бўлганди. Мен оддий мисолда келтиряпман. Бу ҳолатда турли ёлғон хабарлар тарқатган ОАВга қонуний чора кўрилса, улар ҳам ҳушёр бўлади, биз ҳам хотиржам бўламиз.

Қонун ишласин”, – деди тадбиркор.

У шунингдек, сайт мухбирининг хўш, жамиятда нега қонунлар ишламаяпти, мазмунидаги саволи бўйича ҳам ўз фикрларини билдирди.

“Биринчидан, кимларгадир тўнкаш керак эмас. Ҳар биримиз қайсидир маънода қўрқмас бўлишимиз керак. Ҳақ-ҳуқуқларимиз поймол қилиняптими, қўрқмасдан чиқиш керак. Ўзимизни қурбон қилишдан қўрқмаслигимиз керак. Ўзингизни, оилангизни, жамиятингизнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишда қўрқмас бўлишингиз керак.

Мен чечен халқини мисол қилиб келтираман. Чечен қизларига хиёнат қилишмайди, тажовузкорлик қилишмайди. Чунки аёлга бориб тегсангиз, турмуш ўртоғи бўладими, акаси бўладими, отаси бўладими, қамалишдан қўрқмайди – боради-да, чавақлаб ташлайди. Ўзимнинг ҳаётимни қурбон қилсам қиламан, лекин бунга йўл қўймайман, дейди. Шу нарса 3 марта, 4 марта, 10 марта бўлганидан кейин қолганлар ҳам қўрқади. Худди шундай, биз ҳам қўрқмас бўлишимиз керак.

Биз эса қўй, ҳозир буни қилсам, буни гапирсам, ўзимга ёмон бўлади, дея қўрқамиз. Бу қўрқоқлик эса бутун жамиятда юраверади. Бу биринчиси.

Иккинчидан, ўзимиз чиқарган қонунларни ўзимиз четлаб ўтмаслигимиз керак. Масалан, қурилишга махсус бош кийимда кириш белгиланганми, мен бу тартибни бузмаслигим керак. Мен компания президенти бўлсам ҳам, унга бош кийимсиз киришга ҳаққим йўқ. Ўзим шу қоидани четлаб ўтдимми, бўлди, бузилаверади.

Худди шундай қонунни ишлаб чиқиб, тасдиқлаган муаллифлар ҳам уни бузмаслиги керак. Шундагина қонун устуворлиги ошади, қонуннинг обрўси ошади ”, – деди Мурод Назаров.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

 

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид