Ўзбекистон | 18:36 / 14.06.2022
32341
2 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳрининг қамоққа олинган ҳокими ўрнига янгиси тайинланди

Молиячи Ҳайдаров ўрнига банкир Абдураҳмонов Андижон шаҳрининг янги раҳбарига айланди.

Фото: Kun.uz

14 июн куни халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Ташкилий масала кўрилган сессияда Ғофуржон Ғуломжанович Абдураҳмонов шаҳарнинг янги ҳокими этиб тайинлангани эълон қилинди.

Ғ. Абдураҳмонов 1976 йилда Андижон шаҳрида туғилган, маълумоти бўйича мутахассислиги – иқтисодчи. У 1994-1997 йилларда Марказий банк Андижон вилояти Бош бошқармасида турли лавозимларида фаолият юритган.

1997 йилдан 2009 йилгача Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Андижон вилояти бўлимида ишлаган.

2009-2011 ва 2012-2013 йилларда Марказий банк Андижон вилояти Бош бошқармаси бошлиғи, 2013-2021 йилларда эса АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» Бошқарув раиси ўринбосари бўлган. 2021 йилдан ҳозирга қадар «Қишлоқ қурилиш банк» Бошқарув раиси маслаҳатчиси эди.

  • Маълумот учун, бу Андижон шаҳрида сўнгги уч йилликдаги учинчи ҳокимдир. Шаҳарга 2016 йилдан буён раҳбарлик қилган Дилмурод Раҳматуллаев 2019 йил августида интернетда навбатдаги видеоси тарқалиши ортидан лавозимини тарк этганди. 
  • Унинг ўрнига тайинланган Баҳром Ҳайдаров ҳам интернетда тез-тез танқидий мақолалар қаҳрамонига айланди. 2022 йил 6 июн куни эса у 2017−2019 йилларда Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида катта миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштирганликда гумонланиб, ҳибсга олинди. 
  • Баҳром Ҳайдаров процессуал тартибда ушлангани ортидан Андижон вилояти ХТБ бошлиғи Азизбек Миркомилов ҳам бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолати бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида гумонланувчи тариқасида ҳибсга олинганди.

Андижон шаҳар ҳокими эски лавозимида шериклари билан 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилгани маълум қилинди

 

Мавзуга оид