Бугунги кунда кўплаб аёллар тўнғич фарзанди туғилишини кечиктиришмоқда. Аммо йил сайин тухум ҳужайралар сони камайиши ва табиийки, ҳомиладор бўлиш эҳтимоли пасайиши илмий исботланган далил эканини унутмаслик керак. "Анадолу" тиббиёт марказининг ЭКУ бўлими бошлиғи, репродуктив тиббиёт бўйича малакали мутахассис доктор Тайфун Кутлу туғруққа лаёқатлиликни сақлаб қолиш ва яқин келажакда ҳомиладор бўлишни режалаштирмаган 30 ёшдан ошган аёллар учун керакли тавсияларни сўзлаб берди.

Қиз бола туғилганида ўрта ҳисобда нечта тухум ҳужайрага эга бўлади?

Қиз бола туғилганида тахминан 1,5-2 миллион тухум ҳужайрага эга бўлади. Балоғат ёшига келиб, уларнинг сони 300-400 мингга камаяди. Ҳайз бошланиши билан аёллар ҳар ойда мингга яқин тухум ҳужайрани бой бера бошлайди. Уларнинг захираси тугагач, менопауза даври бошланади.

Қандай омиллар тухум ҳужайранинг камайишига олиб келиши мумкин?

Тухумдонлар захираси камайишига олиб келадиган кўплаб омиллар мавжуд: чекиш ва стресс, ёш омили, тухумдонлар операцияси ёки саратонни даволашдаги кимётерапия, радиотерапия сингари айрим муолажа усуллари.

Тухум ҳужайралар захираси қачондан бошлаб тез тугай бошлайди?

Илгари 40 ёшдан кейин деб айтилар эди. Вақт ўтиши билан бу чегара 37 ёшгача камайди. Бугун биз 35 ёшдан кейин ҳам аёллардаги тухум ҳужайралар захираси тезлик билан камайиб бораётгани ва энг ёмони, уларнинг сифати ёмонлашаётганини кўрмоқдамиз. Ўн йил аввалги ҳолат билан солиштирганда, биз тухум ҳужайралар етишмовчилиги ва эрта менопауза ташхиси билан келган ёш хотин-қизларни тез-тез учрата бошладик - уларнинг фоизи ўса бошлади.

Кимлар хавф гуруҳига киради?

Аввало, булар ноқулай оилавий муҳитдаги аёллар: оилада яқин қариндош (она, хола, опа-сингил)лар орасида эрта менопауза ҳолатлари аниқланганлар. Бу овариал захираларнинг тез камайиб кетишига генетик мойилликдан далолатдир.

Шунингдек, кимётерапия ёки радиотерапия талаб этиладиган саратон хасталигига чалинган беморлар ҳам хавф остида бўлади. Бундай ҳолатда даволанишни бошлашдан аввал тухум ҳужайралар ҳажмини баҳолаш ва агар зарурат бўлса, кейинчалик, яъни, ҳомиладорлик режалаштирилган маҳал уларни ишлатиш учун криоконсервациялаш (музлатиш)ни тавсия қиламиз. Ушбу муаммо тухумдон касалликларига чалинган аёлларга ҳам тааллуқли бўлиши мумкин. Киста туфайли операция қилинадиган беморлар шулар жумласидандир.