5 май куни Анадолу тиббиёт марказининг Тошкентдаги ваколатхонаси негизида Ўзбекистон Республикасида биринчилардан бўлиб Рақамли Гистология лабораториясининг очилиши бўлиб ўтди. Очилиш маросими муносабати билан ташкил этилган матбуот анжуманида ОАВ вакиллари, туркиялик мутахассислар ва марказ ходимлари иштирок этишди.

Янги лабораторияда беморлар онкологик таҳлил топшириш ва унинг натижаларини тезда олиш имкониятига эга бўлишади. Бунинг учун хорижга чиқиш ва кўп вақт сарфлашнинг ҳожати йўқ. Олинган таҳлиллар сканер орқали халқаро даражадаги Туркия-Америка Анадолу тиббиёт клиникасига юборилади ва юқори малакали профессорлар улар билан танишиб гистологик хулоса беришади.

АҚШдаги таниқли Johns Hopkins Medicine тиббиёт маркази билан ҳамкорликда фаолият юритадиган Анадолу клиникаси ўзбекистонлик беморлар учун ушбу имкониятни тақдим этмоқда.

“Таъкидлаш жоизки, халқаро сертификатга эга Анадолу тиббиёт марказининг лабораториясида рақамли гистологияни қайта кўриб чиқиш бўйича ушбу кенг кўламли лойиҳа Ўзбекистонда ва бутун Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб амалга оширилмоқда. Ишончимиз комилки, бу кўплаб беморларга онкологияга қарши муваффақиятли курашиш учун тўғри ташхис қўйиш ва тўғри даволанишга ёрдам беради, - дейди Анадолу халқаро бошқармаси бошлиғи Асли Акяваш Памук.

“Анадолу” агентлигининг Тошкентдаги расмий вакили, онколог Акбархон Мавлонхўжаевнинг айтишича, гистологик текширув онкологияни даволашда жуда муҳим босқич ҳисобланади. Агар беморда шубҳали ўсимта гумон қилинса, биопсия қилиш керак ва олинган намунадан саратон ёки ўсимта эканлигини аниқлаш зарур бўлади. Ундан ташқари саратон ҳужайраларининг хусусиятлари ўрганиб чиқилиши керак.

 “Бунинг учун биопсия олиниб, ундан сўнг ўсимта намуналари гистологик лабораторияга юборилади. Унинг мутахассислари материални ўрганиб, касаллик ҳақида хулоса чиқарадилар. Таҳлил асосида якуний ташхис қўйилади ва шунга мос равишда даволаниш белгиланади. Гистологик текширувдаги хатолар бемор учун ҳалокатли бўлиши мумкин.

Ўзбекистонлик беморлар ташхис қўйиш ёки қайта текшириш учун клиникамизга тез-тез гистологик маслаҳат олиш учун мурожаат қилишади, чунки улар Johns Hopkins Medicine Тиббиёт Маркази томонидан сертификатланган гистологларимизга ишонадилар. Шу кунга қадар бу беморлар таҳлил ва ташхис учун Истанбулдаги клиникамизга боришлари ёки Туркияга материаллар жўнатишлари керак эди, бу эса катта маблағ ва вақтни талаб қилди. Энди улар хорижга чиқмасдан, Тошкентдаги лабораториямизда бор-йўғи 2-3 кун ичида маслаҳат олиш имкониятига эга”, - деди “Анадолу” тиббиёт марказининг Тошкентдаги вакили.