21 июнь куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи билан келган Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Икки мамлакатнинг давлат байроқлари билан безатилган майдонда Озарбойжон президенти шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни кутиб олди.


Давлат раҳбарлари шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Озарбойжон давлат мадҳиялари янгради.


Мамлакатларимиз етакчилари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.
Маросимда Ўзбекистон ва Озарбойжон расмий делегациялари аъзолари иштирок этди.





Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев тор доирада учрашув ўтказди.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар.

Икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми барқарор ошиб бормоқда. Қўшма корхоналар сони 4 баробар кўпайди.
















