15:44 / 21.06.2022
20455

Жиззахда икки чўпоннинг жанжали қотиллик билан якун топди

Фото: Видеодан кадр

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 19 июн куни соат 7:00 ларда Зарбдор туманида икки нафар чўпоннинг ўзаро жанжали ўлим билан якун топган.

Зарбдор тумани Тараққиёт маҳалласида чўпонлик қилувчи, 1993 йилда туғилган шахс қорамолларини ҳайдаб кетиш учун уларни Бунёдкор кўчасида яшовчи 1968 йилда туғилган маҳалладошининг уйи олдига тўплаган.

Хонадон эгаси чўпонга қорамолларни уйи олдидан ҳайдашини талаб қилган. Шу ерда ўзаро келишмовчилик жанжалга айланган.

Жанжал давомида чўпон маҳалладошини ерга йиқитиб, юзи ва бош қисмига бир неча марта урган. Шундан сўнг калтак еган шахс сумкасидан ошхона пичоғини чиқариб, чўпоннинг танасига зарба берган ва унга жароҳат етказган.

Оқибатда, оғир тан жароҳатлари олган чўпон туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Зарбдор тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тарзда ушланиб, вақтинча сақлаш хонасига жойлаштирилган.

Аввалроқ, Бахмал туманида уч кунда иккита қотиллик содир этилганди.

 

Top