Андижоннинг Қўрғонтепа тумани ҳокимлиги икки фуқарони навбатсиз Ҳажга юборяпти. Улар маҳалладан тавсиянома ҳам олмаган, аризани шу йил берган, яъни навбатда улардан олдин юздан ортиқ фуқаро бор. Мутасаддининг айтишича, бу икки фуқаро “ҳомийлик ёрдами кўрсатишга ваъда бергани” учун навбатсиз жўнатиляпти, лекин бу ҳам сабаб бўлолмайди – улардан олдин навбатда турганлар орасида ҳам ҳомийлик қилишга тайёрлар бор.
Ҳаж зиёратини ташкил этишдаги масъулларнинг адолатсиз ҳаракатлари ҳақида мақола ёзиш жуда қийин экан. Ёши улуғлар бу фарз амали ҳақида “Ҳажга Яратганнинг ўзи чақиради” дейишади.
Маҳаллаларда Ҳаж сафарига бориш учун ариза ёзиб, рўйхатга киритилган, бироқ узоқ йиллардан бери ўз навбатини кутаётган минглаб инсонлар бор. Шундай инсонлардан бири, Қўрғонтепа тумани Қорасув шаҳри Бирлик маҳалласида яшовчи Анорхон Раҳимова мурожаати ортидан суриштирув ўтказдик.
Оқибатда маълум бўлдики, туман ҳокимлиги вакиллари бу йилги зиёратга маҳалладаги мавжуд “Ҳаж зиёратига бориш истагини билдирган фуқароларни рўйхатга олиш китоби”да ўн йиллаб навбатда турган фуқаролар ўрнига жорий 2022 йил феврал ойида ариза берган инсонларни жўнатаётгани аниқланди.



Ҳокимлик мутасаддиси – Диний ишлар бўйича қўмитанинг Қўрғонтепа тумани бўйича бош мутахассиси Ҳусанбой Абдулҳамидов маҳалла дафтари ва ўзида мавжуд ҳужжатлардаги чигал фактларни инкор қила олмади.
Бизга мурожаат қилган Анорхон Раҳимова зиёратга бориш учун 2014 йили ариза ёзган ва ўз маҳалласидаги рўйхатда 130-ўринда турибди. Бир ой олдин Бирлик маҳалласи раиси Моҳигул Сиддиқова унинг хонадонига кириб, рўйхатда ундан олдин турган одамларда имконият бўлмаса, опада муборак амалларни бажариб келиш имконияти туғилганини айтади. Анорхон опа тайёргарлик кўришни бошлайди. Бироқ Ҳажга рўйхатда 230- ва 231-ўринларни эгаллаб турган, 2022 йил февраль ойида ариза ёзган маҳалладошлари кетмоқда.
Қўрғонтепа тумани рўйхатдаги вакилларининг Саудия Арабистонига бориш учун виза билан боғлиқ барча ҳужжатлари тайёр ва улар 27 июн куни йўлга чиқишлари режалаштирилган.






















