Феврал ойида Eltuz ва унга асосланган ҳолда Uzmetronom нашрлари Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжоновни 4,2 млн долларлик тилла ва бриллиант буюмларни божсиз олиб киришда иштирок этгани иддао қилинган мақолалар эълон қилган эди.
Ҳар иккала материалда ҳам айбловларни тасдиқловчи фактлар келтирилмаган, иккинчи тарафнинг позицияси олиб чиқилмаганди. Алламжонов буни туҳмат деб атаб, айрим нашрлар “ҳаддидан ошиб кетгани”ни таъкидлаган ва ҳуқуқ органларига мурожаат қилганини билдирганди.
21 июн куни Eltuz нашри мақоладаги иддаолар “тўлиқ тасдиғини топмагани важидан” ўз сайти ва тармоқлардаги барча саҳифаларидан олиб ташлаганини маълум қилди. Шунингдек, таҳририят мақолани қайта чоп этган нашрлар, жумладан Uzmetronom сайти ва унга Twitter'да ҳавола берган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотини ўз қароридан расман хабардор қилган.
Нашр мақолани чоп этишдан “ҳеч бир шаклда ҳеч бир шахсни обрўсизлантириш ёки унга туҳмат қилиш қасд этилмагани”ни таъкидлаган.
“Таҳририят репутацион зарар учун мақолада кўрсатилган шахс Комил Алламжоновдан узр сўраган холда, унинг Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларига омад тилайди. Таҳририят Германия қонунчилиги асосида суд томонидан тайинланиши мумкин бўлган жаримани тўлашга тайёрлигини билдиради”, дейилади расмий билдиришда.
Аввалроқ, 19 июн куни Uzmetronom сайти ҳам Eltuz'га таяниб берилган мазкур мавзудаги иккита хабарини ўчирганини маълум қилганди. Нашр бу борадаги хабарига “Бирламчи манба орқага ҳаракатлана бошлади” дея сарлавҳа қўйган.
Хабардан маълум бўлишича, нашр бош муҳаррири Сергей Ежков устидан туҳмат моддаси билан жиноят иши очилган. Иш тафсилотлари маълум эмас.
Мазкур хабарлар ортидан Комил Алламжоновнинг маълум қилишича, унинг ҳуқуқшунос ва адвокатлари бу масалага жиддий киришиб, ўтган вақт давомида кўплаб ҳуқуқий чораларни қўллаган.
“Eltuz таҳририятига Германия қонунчилиги асосида ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳозирда Германия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларига берилган. Uzmetronom сайти эса Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилган”, деди Масс-медиа фонди раҳбари.










