Ўзбекистон | 08:28 / 29.06.2022
19726
2 дақиқада ўқилади

«Ҳисор» давлат қўриқхонасидаги ноёб ҳайвон фотоқопқонга тушди (Видео)

Қашқадарё вилоятидаги «Ҳисор» давлат қўриқхонасига ўрнатилган фотоқопқон ноёб қизил суғурларни камера объективига муҳрлади.

«Ҳисор» давлат қўриқхонаси маъмуриятининг хабар беришича, қўриқхона қўриқлаш ходимлари томонидан ўрнатилган фотоқопқонга ноёб жониворлардан бири, қизил суғурлар муҳрланган.

Қизил суғур (Marmota caudata, Красный сурок) Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг (ТМХИ) Қизил рўйхатига энг камёб тур сифатида киритилган.

Бу жониворлар, одатда, ўт-ўланлар, кўпинча бошоқли ўсимликлар, баъзан чувалчанг, моллюска, ҳашаротлар билан озиқланади. Қишда уйқуга кириб, баҳорда уясидан чиқади. Денгиз сатҳидан 1600 дан 3500-4000 метргача баландликда бўлган ҳар хил турдаги рельефли тоғ ёнбағирларида ҳамда тошқояларнинг этакларида яшайди.

Қизил суғур «Ҳисор» давлат қўриқхонасининг барча, Ғилон, Мираки, Танхоздарё, Қизилсув бўлимларида учрайди.

Сўнгги кузатувларга кўра, бу жониворлар қўриқхона ҳудудида 4240 – 4320 бошни ташкил қилиши тахмин қилинади.

Қизил суғур Тянь-Шан, Помир, Ҳиндукуш, Кашмир тоғларининг алп экотизимларида, Ўзбекистоннинг эса иккита ҳудудида, Угом, Пском-Чотқол ва Ҳисор тоғ тизмаларида учраши қайд қилинган.

Аввалроқ, «Ҳисор» давлат қўриқхонасига ўрнатилган фотоқопқон яна ноёб қор қоплонини камера объективига муҳрлаганди.

Мавзуга оид